Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов 9 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида йўл ҳаракати қоидаларини бузаётганлар тўғрисида хабар берганларни рағбатлантириш тизими ҳақида фикр билдирди.

Qalampir журналистининг айтишича, нашр ўтказган сўров натижаларига кўра, 70% респондентлар мобил қурилмаларда йўл ҳаракати қоидабузарликларини суратга олиб, бунинг ортидан пул ишлаётган шахсларга нисбатан салбий муносабат билдирган. Мухбир вазирдан ушбу тартибни қанчалик адолатли деб ҳисоблаши ва бунинг орқасидан жамиятда «қулоқлар» қатлами шаклланиб қолиши ёки қолмаслиги ҳақида сўради.

Адлия вазирининг сўзларига кўра, бу каби масалаларни кўтараётган одамлар қонун устуворлигини ҳурмат қилмаслигини таъкидлади.

«Мана шу масалани кўтарадиган одамларни умуман қонун устуворлигини ҳурмат қилмайдиган инсонлар деб биламан. Сиз ишлатаётган терминлар („қулоқлар“, сотқинлар назарда тутилмоқда — таҳр.) ҳам қонунчиликни таъминлашга ўзини ҳиссасини қўшаётганларга нисбатан ҳурматсизлик ва ҳақорат деб биламан. Фуқаролар фикр билдиради, лекин сизга ўхшаган ОАВ унақа ҳақоратомус гапларни ишлатмасдан фикрларни билдириши керак», — деди у.

Адлия вазирлиги раҳбари бу каби ҳолатларда якуний мақсаддан келиб чиқиб ҳаракат қилиш зарурлигини қайд этди.

«Қонун устуворлиги биринчи ўринда бўлиши керакми ёки йўқми? Мақсаддан келиб чиқиш керак. Мақсад нима? Шу соҳани тартибга келтиришми, йўқми? Ҳар бир ҳаракатни олдида мақсад ётиши керак. Агар бу мақсад қонунчиликни тартибга солиш, шу соҳада одам ўлимининг олдини олиш — охирги икки-уч йилни ичида 5000 киши йўлда ўлиб кетаяпти-ку, — бунга қандай жавоб берасиз?», — дея савол билан юзланди вазир.

Русланбек Давлетов гап фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш ҳақида эмас, балки жамоат жойларида қоидабузарликка йўл қўяётган шахсларни суратга олиш ҳақида кетмоқдалиги тушунтирди.

«Агар кўчада, жамоат жойида одам ноқонуний хатти-ҳаракат билан шуғулланаётган бўлса, [қоидабузарликни тўхтатиш учун] керак бўлса, виждонимни сотишга ҳам тайёрман [я готов „продат свою душу“ за это]. Яъни, давлат ўша ҳуқуқбузарликни тўхтатиш учун ҳар қандай йўлдан фойдаланиши керак. Бутун дунё бундан фойдаланади. Қандайдир диний догмаларни келтириш керак эмас. Масалан, кимдир пора бераётганини айтиб, шуни биз рағбатлантирадиган бўлсак, сиз шунга розисиз-ку», — деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, ҳуқуқбузарлик ҳажмининг аҳамияти йўқ. «У каттами, кичикми, умуман аҳамияти йўқми — бу ҳуқуқбузарлик. Бу аҳлоқий қоида эмас. Бу давлатни, жамиятни белгилаган қонун-қоидалари. Сиз кичкина қоидалар учун керак эмас, десангиз эртага катта муаммони келтириб чиқаради», — дея таъкидлади Русланбек Давлетов.

Адлия вазири Ўзбекистон йўлларидаги мавжуд вазият тинчлик даврида фуқароларнинг ўлимига олиб келаётганига эътибор қаратди.

«Уруш йўқ, лекин беҳудага кўплаб одамлар ўлиб кетаяпти. Мени фикрим, мазкур соҳада, нафақат бу йўналишда, бошқаларда ҳам шу каби рағбатлантирувчи тизимни киритиш керак», — деди у.

Март ўрталарида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев кўчаларда одамларнинг қоидабузарликларни телефонга суратга олиши ва бунинг эвазига рағбатлантирилиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. «Уларга 10−15 минг сўм бераяптими, эртага 100 минг сўм бериб, ватанингни сот, деса ҳам сотворишга тайёрлар кўп экан. Бу жуда ёмон», — деди у. Кушербаев қоидабузарларни аниқлашдан олдин инфратузилмани яхшилаб қўйишга кераклигини қўшимча қилди.

Май ойининг ўзида Ўзбекистонда содир бўлган бир нечта йирик йўл транспорт ҳодисаларида кўплаб одамлар вафот этди. 8 май куни Қашқадарёда Nexia ва ВАЗ тўқнашуви оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, уларнинг 2 нафари болалар бўлган. Яна 2 киши жиддий жароҳатланди. Орадан икки кун ўтиб, Фарғона вилоятида иккита Cobalt иштирокидаги аварияда 6 киши оламдан ўтди ва яна 4 инсон жароҳатланди. Эртаси куни Қорақалпоғистонда Cobalt, Nexia ва Damas тўқнашиши натижасида 6 киши ҳалок бўлди, 2 киши шифохонага ётқизилди. 24 май куни Ангренда MAN юк машинаси ва енгил автомобиллар урилиши оқибатида 7 киши вафот этди, 14 нафар фуқаро тан жароҳати олди. Хоразмдаги икки ЙТҲда эса 5 нафар ўқувчилар оламдан кўз юмди.

«Газета.uz» кўплаб материалларни йўл ҳаракати хавфсизлиги мавзусига бағишлаган. Биз бир неча бор мутасаддиларни мамлакатда йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича ёндошувларни тўлиқ қайта кўриб чиқишга чақирган эдик.