Бухоро вилояти, Олот туманидаги мактаб ўқувчиси сувда чўкиб кетиб, ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Бухоро вилояти ФВБ ахборот хизмати.

Ҳодиса 9 июнь куни Қоракўл туманидан оқиб ўтувчи катта «Аму-Бухоро» каналида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 9 июнь куни тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси соат 11:40 ларда жорий имтиҳонни топшириб бўлгач, соат 12:00ларда уйига жўнаган. Тумандаги «Халифа» маҳалласида яшовчи С.М. уйида тушлик қилгач, чамаси, соат 14−15 лар атрофида 4 нафар мактабдоши билан Қоракўл туманидан оқиб ўтувчи катта «Аму-Бухоро» каналида чўмилишган.

Қайд этилишича, чуқурлиги тахминан 4−5 метрда, сув ҳажми ҳам жуда баланд бўлган канал 15 ёшли С.М.ни тўлқинида оқизиб кетган. Унинг ёнида бўлган тенгдошлари С.М.ни қутқаришга уринишган. Ҳолатдан қўрқиб қолган ўсмирлар воқеа жойидан қочиб кетишган.

«Айнан шу мактабда воқеа содир бўлишидан бир неча кун олдин ўқувчилар ўртасида мактаб жамоатчилиги, ёшлар ташкилотлари ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси туман бўлими вакиллари билан таъқиқланган сув ҳавзаларига чўмилмаслик бўйича тарғибот ишларини олиб борилган. Ўқувчиларнинг ота-оналаридан кафолат хатлари олиниб, ҳар бир ўқувчисининг қўлига таъқиқланганлик бўйича тарғибот буклетлари берилган», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси у ҳолатдан, чамаси, бир соатларча кейин хабар топган. Ушбу ҳоларта ФВБнинг ғаввос-қутқарувчилари, балиқчилар жалб этилган. Канал суви ҳажми жуда юқорилиги сабабли болани тирик қутқариб қолиш имкони бўлмаган. Қидирув 10 июнь тонгига қадар давом этди ва шу куни боланинг жасади Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан жалб этилган балиқчилар тўр халтаси орқали топилган.