11 июнь куни Ўзбекистон Афғонистонга 1000 дона кислород баллонидан иборат гуманитар юкни топширди. Уларни топшириш маросими Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Гуманитар ёрдам Афғонистон Ислом Республикасида пандемиянинг учинчи тўлқини кузатилаётгани боис, пандемия оқибатларига қарши курашиш мақсадида юборилди.

Аввалроқ, Афғонистон ҳукумати халқаро жамоатчиликка мурожаат қилиб, қийин ҳолатдан чиқиш бўйича кўмак сўраганди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ўз нутқида озиқ-овқат ва дори-дармонлар Афғонистонга пандемияга қарамай узлуксиз равишда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси орқали етказиб берилаётганини маълум қилди.


«Ўзбекистон бундан кейин ҳам қўшни мамлакатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр», — деди у.

Маросимда Балх вилояти губернатори Фарҳод Азимий ва Вилоят кенгаши раиси Муҳаммад Хадид сўзга чиқиб, Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган ёрдам Афғонистон халқига чинакам биродарлик муносабатининг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлади.

Январь ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий назорати остида афғон шифокорларининг пандемияга қарши кураш бўйича Ўзбекистон клиникаларида ўқиши ташкил этилганди.