Японияда аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш тўғрисида қонун қабул қилинди

Япония парламентининг қуйи палатаси аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган қонунни қабул қилди. Қабул қилинган қонун партияларни жинсий зўравонликка қарши курашиш учун жавобгар қилади ва сиёсий фаолиятни болаларни парвариш қилиш билан бирлаштиришга тўсқинлик қилиб, аёлларга нисбатан камситиш ҳолатларига қарши курашишга мажбур қилади. Ўз навбатида, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органлари энди ушбу муаммоларнинг олдини олиш ва ҳал қилиш учун тренинглар ва консультациялар ўтказиши керак бўлади. Қайд этилишича, Японияда 2018 йилдан бери сиёсий партияларга муниципал ва парламент сайловларига номзодларни танлашда гендер тенглигига риоя қилишга қаратилган норматив ҳужжат мавжуд.

ТАССнинг келтиришича, 2020 йилги Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоботига кўра, Япония Жаҳон Гендер тенглик индекси бўйича 153 мамлакатлар орасида 121-ўринни эгаллаган, мамлакат 2012 йилда эса 101-ўринни эгаллаган эди. Бундан ташқари, ҳозирги пайтда Японияда раҳбар лавозимларининг атиги 15 фоизини аёллар эгаллайди, Япония ҳукуматида 19 вазирдан фақат иккитаси аёл. — ТАСС.

Шунингдек:

  • Япониядаги етакчи мухолифат кучи бўлган Конституциявий демократик партияси бошқа тўртта мухолифат партиялари билан парламентда овоз бериш орқали, бош вазир Ёсихидэ Суга бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдиришни режалаштирмоқда. Мухолифат амалдаги ҳукуматни коронавирус тарқалишининг олдини олишда самарадорликсизда айбламоқда.
  • Япония ҳукумати мамлакат авиакомпанияларига Беларус устидан учиб ўтмасликни маслаҳат берди.

Перуда автобус жарликка тушиб кетиши оқибатида 17 киши ҳалок бўлди

Перунинг Ла Либертад ҳудудида автобус иштирокидаги ЙТҲ натижасида камида 17 киши ҳалок бўлди ва олти киши жароҳатланди. Трухильодан Патаз томон кетаётган «Tours Rosita» транспорт компаниясининг автобуси 200 м чуқурликдаги жарликка тушиб кетди. Ҳодиса содир бўлган вақтда автобусда 33 йўловчи, жумладан болалар ҳам бўлган.

Икки кун аввал, 8 июнда мамлакатда Лимадан Кускога кетаётган автобуснинг йўлдан чиқиб кетиши ва ағдарилиши натижасида камида 9 киши ҳалок бўлди ва 17 киши жароҳатланди. Автобусда 54 йўловчини бўлган. — РБК.


КХДР собиқ етакчиларининг сиёсати ҳақидаги эслатма ҳукмрон партиянинг уставидан олиб ташланди

КХДР асосчиси Ким Ир Сен ва мамлакатнинг иккинчи етакчиси Ким Чен Ир меросининг аҳамияти ҳақидаги эслатма ҳукмрон Ишчилар партияси уставининг янги таҳрири преамбуласидан олиб ташланди. Маълумотларга кўра, преамбуладан сонгун принципи — давлат фаолиятининг барча соҳаларида армия устуворлиги сиёсати ҳақидаги эслатмалар ҳам йўқолган. Ушбу қоиданинг ишлаб чиқилиши амалдаги раҳбар Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ирнинг энг муҳим ғоявий ютуғи деб ҳисобланган. Ҳужжатда мамлакатда бутун ҳаёт асоси деб Ким Ир Сен томонидан эълон қилинган чучхе ғояларига (корейс миллатининг ўзига хослиги принциплари ва ўзига ишониш сиёсати) ҳақида камроқ ҳавола берилган. Бунинг ўрнига, омма манфаатлари биринчи ўринга қўйилганлиги таъкидланмоқда.

КХДРда партия устави мамлакат конституциясидан ҳам муҳимроқ ҳужжат ҳисобланади. Ҳозирги ўзгаришлар жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган партия қурултойида киритилган, аммо уларнинг мазмуни ҳақида бугунги кунгача маълумот йўқ эди. — ТАСС.


Ухнаагийн Хурэлсух Мўғулистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолиб бўлди

Мўғулистон президентлигига номзод, ҳукмрон Мўғулистон Халқ партияси раиси Ухнаагийн Хурэлсух умуммиллий президентлик сайловларида ғолиб бўлди. Унга 823 мингдан ортиқ сайловчи, яъни сайловчиларнинг 67,8 фоизи овоз берди. Таъкидланишича, сайловларда иштирокчилар сони 1,21 млн ёки 59,3 фоизни ташкил этди. Учта номзод давлат раҳбари лавозими учун курашди. — МОНЦАМЭ.


Aлбания парламенти мамлакат президентига импичмент эълон қилди

Aлбания парламенти президент Илир Метага Конституцияни бузгани учун импичмент эълон қилди ва уни лавозимидан четлаштирди. Ушбу қарорга 104 депутат овоз берди, етти киши қарши чиқди. Уч киши бетараф қолган. Уч ой ичида уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарор Aлбания Конституциявий суди томонидан тасдиқланиши керак.

Айтилишича, Мета шу йил апрель ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари кампанияси пайтида ҳукмрон Социалистик партияга нисбатан нохолис ёндашиб, конституцияни бузган. Aпрель ойи охирида ушбу партиядан бўлган бир гуруҳ парламент аъзолари мамлакат президентига нисбатан тергов ўтказилишини талаб қилиб, партияни кўп йиллар олдин тарк этган Метани мамлакатда беқарорлик ва зўравонлик қўзғатишда, шунингдек, мухолифат билан яқинлашишда айблаган эди.

Мамлакат раҳбари тергов ва импичмент жараёнини танқид қилиб, уларни ноқонуний деб атади. — Associated Press.


Женева аҳолисидан Россия-AҚШ саммити куни уйдан туриб ишлаш сўралди

16 июнь куни Россия ва AҚШ президентларининг учрашуви бўлиб ўтадиган Женева шахри аҳолисидан саммит куни уйдан туриб ишлаш сўралди. Женева Давлат Кенгаши шаҳардаги иш берувчилар ва ишчиларни 16 июнь куни масофадан ишлашга ўтишни сўради. Шаҳар ҳокимияти Россия ва AҚШ саммити пайтида автоуловлар ва одамлар ҳаракатланиши учун ёпиқ бўладиган зоналарни эълон қилди. Ушбу ҳудуд атрофи панжара билан ўралган бўлади. Давлат кенгаши, шунингдек, саммит ўтказиладиган жойга яқин ҳудудларда дронлардан фойдаланиши ва ҳар қандай намойиш ўтказилиши тақиқланганлигини огоҳлантирди. — Интерфакс.

Россия ва АҚШ президентлари 16 июнь куни Женевада музокаралар олиб боради. Бу Жо Байден АҚШ президенти этиб тайинланганидан сўнг икки давлат раҳбарлари ўртасидаги биринчи учрашув бўлади.


Данияда карантин чекловлари юмшатилади

Дания коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чораларини юмшатишга қарор қилди. «Биз илгари қила олмаган барча нарсани қила оламиз, чунки эпидемия назоратга олинди», — деди Дания соғлиқни сақлаш вазири Магнус Хеунике. 11 июндан бошлаб бар ва ресторанлар ярим тунгача ишлаши мумкин, илгари уларга соат 23:00гача ишлашга рухсат берилган эди. 15 июндан бошлаб ушбу муассасаларнинг ёпилиш вақти тунги соат 2:00 га ўтказилади. Бундан ташқари, ниқоб тақиш мажбурий бўлмайди, жамоат транспорти бундан мустасно. Сентябрдан бошлаб ушбу қоидани ҳам бекор қилиш режалаштирилган. Кейинги ҳафтадан бошлаб 10 минг кишилик оммавий тадбирларга ҳам рухсат берилади. Копенгагенда бўлиб ўтадиган Евро-2020 доирасидаги ўйинлар учун истисно тариқасида 25 минг томошабинга рухсат беришга қарор қилинди. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • АҚШ йил охиригача Pfizer вакцинасининг 200 млн доза, кейинги йилнинг июнь ойигача эса яна 300 млн дозасини сотиб олиб турли мамлакатларга тақсимлаб тарқатишни режалаштирмоқда.
  • Москва шаҳар суди Коррупцияга қарши кураш фонди, Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси ва Россия муҳолифатчиси Алексей Навалнийнинг ҳудудий штабини экстремистик ташкилотлар деб тан олди.
  • Марказий Aфрика Республикаси (МAР) ҳукумати истеъфога чиқди. Ушбу қарорнинг сабаблари ошкор қилинмади.
  • Хитойда хорижий санкцияларга қарши қонун қабул қилинди.
  • Эстонияда электрон COVID-сертификатлари жорий этилди.