Эмлаш тадбирларини талаб даражасида ўтказиш мақсадида Санитария-эпидемиология хизматининг ҳисоб-китоблари асосида зарурий сарфловчи воситаларни харид қилиш учун 6 млрд 782 млн 300 минг сўм маблағ ажратилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, бугунги кунда республика бўйича 3265 нафар шахс коронавирус туфайли шифохоналарда даволаняпти. Уларнинг 178 нафарини аҳволи ўта оғир, 375 нафарини аҳволи оғир деб баҳоланяпти.

«Коронавирус дастлабки аниқланган кундан бошлаб бугунги кунга қадар республика бўйича 9,5 млндан кўпроқ аҳоли ПЗР усулида текширилган. Бу салкам 30% аҳолини текшириш дегани», — дея маълум қилди СЭС бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ПЗР тест топширган аҳоли сони 9 млн 553 минг 247 кишини ташкил этди.

Қайд этилишича, 3 июндан бошлаб Истанбул — Фарғона — Урганч — Самарқанд йўналишидаги авиа қатновлар, 10 июндан бошлаб Тошкент — Истанбул йўналишидаги авиа қатновларни босқичма-босқич тиклаш назарда тутилган. Шунингдек, Туркия ва Ҳиндистондан келадиган инсонларда касаллик белгилари бўлмаса ПЗР тестларини ўтказмасдан, уларнинг қўлида мавжуд маълумотлар асосида Ўзбекистонга киритиш режалаштирилмоқда.

«Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудига Туркиядан кириб келаётган шахсларга қўлланадиган карантин чораларини бирмунча юмшатиш каби тадбирлар амалга ошириляпти», — дея қўшимча қилади Отабеков.

Эмлаш жараёнида қатнашаётган 4536 нафар шифокор (ССВ телеграм-каналида бу рақам 4356 дея берилди) ҳамда 11539 нафар ўрта тиббиёт ходими «Хавфсиз иммунизация» дастури бўйича ўқитилган.

COVID-19га қарши вакциналарни қўллаш бўйича 10 млн нусха тарғибот материаллари ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилиб, улардан ҳозирда тиббиёт ходимлари ва аҳоли фойдаланмоқда.