Тошкент вилояти ИИББ томонидан Зангиота туманида жойлашган «Бек-барака» савдо мажмуасида тезкор тадбир ўтказилиб, 6 нафар шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати.
Хабарга кўра, 29 май куни Тошкент вилоят ИИББга фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Зангиота тумани ҳудудида жойлашган «Бек-барака» савдо мажмуаси, ёйма кийим-кечак бозорида савдо қилишни, бозорда «Камронбек» ва «Нигина» исмли шахслар савдо қилувчилардан ноқонуний равишда пул талаб қилаётганлигини маълум қилади.
Қайд этилишича, мурожаат эгаларидан шу жойда ишлаши учун ҳар ойда 100 доллар миқдорида товон пули талаб қилиб, шу йўл билан улар савдо қилувчилардан жами 9 млн сўм миқдорида пул олган, фирибгарлик ва тамагирликда гумонланган 6 нафар шахслар ушланган.
Маълум бўлишича, улар ўзларини бозорда ишловчи масъул шахс сифатида таништирганлар. Улар савдо қилувчилардан талаб бажарилмаган тақдирда савдо растаси фаолиятини чеклаш билан таҳдид қилишган.
6 нафар шахс, жумладан, Учтепа туманида яшовчи Н.И. (1989 й.т.), Марғилон шаҳрида яшовчи К.Ж. (1995 й.т.) ва Ф.Ж. (1993 й.т.), Зангиота туманида яшовчи Н.О. (1968 й.т.), Н.А. (1996 й.т.) ҳамда Н.А. (1998 й.т.) лар ушбу ҳолатга бевосита алоқадорлиги аниқланиб, тегишли тартибда ишга жалб қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик), 28- (жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчи сифатида жиноят иштирокчиси деб топилиши), 211-моддаси 2- қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.