10 июнь куни, Тожикистонга расмий ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги «Дўстий» майдонида Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гуллар қўйди.



Президент матбуот хизматининг ёзишича, шундан сўнг «Кўҳи Борбад» санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтган.

Тадбирда Тожикистон президентининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Орденни Эмомали Раҳмон шахсан ўзи, тантанали равишда топширди (видео).


Ўзбекистон етакчиси юксак эътибори учун миннатдорлик билдириб, ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлади.

Икки мамлакат яқин қўшни, халқларнинг муқаддас ерию суви, дини бир, тарихи ва тақдири, ташвишу шодликлари муштарак экани қайд этилди.

«Бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантириб, катта мақсадларимизга эриша оламиз. Биз доим бир-биримизга таянч бўлишимиз, ҳар қандай қийинчилик ва синовларни елкама-елка енгиб ўтишимиз лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, кейинги йилларда икки томонлама муносабатларда улкан ўзгаришлар рўй бериб, уларни Ўзбекистон ва Тожикистондаги миллионлаб одамлар ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда.

«Бу Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг янги модели, янги муҳитида ўз аксини топмоқда. Энг муҳими, барча саъй-ҳаракатларимиз ва амалий ишларимиз халқларимиз манфаатлари ва орзу-интилишларига тўлиқ мосдир», — деди давлат раҳбари.


Ўзбекистон президент икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқлар ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айлангани, санъат халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.

«Инсонга турли чегаралар ўрнатиш хос бўлса, санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси — одамларни бирлаштириш. Меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш — халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Биз ҳам, икки давлат раҳбарлари — ўртамиздаги чегаралар бизни ажратишга эмас, фақат бирлаштиришига хизмат қилиши учун бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз. Тинчлик ва осойишталикни асраш, келажак авлодлар учун мамлакатларимизнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш — умумий бурчимиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Концерт дастурида истеъдодли санъаткорлар икки халқ маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга муштараклигини намойиш этдилар.