Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди», — деди давлат раҳбари.

Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатътий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидлаган.


Ўзбекистон етакчиси товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳим эканини айтди. Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.

Ўзбекистон томони мамлакатлар ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидланган.

«Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида самарали йўлга қўйиш ҳамда унинг имкониятларидан лойиҳаларни илгари суришда максимал даражада фойдаланиш зарурлиги айтилди.


Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналишдир. Ўзбекистон президенти мамлакатлар транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан-тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидлади.

Куни кеча Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлараро форум бундай шаклдаги ҳамкорликнинг самарадорлигини яна бир бор исботлади.

«Масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ҳудудлар раҳбарлари изчил «ҳаракатлар режалари»ни келишиб олишлари ва ҳар ой камида бир марта жойларда учрашувлар ўтказиб боришлари лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Етакчилар анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлат раҳбари икки мамлакат дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш, Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари — антологияларини нашр этишни таклиф қилди.


Музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани таъкидланди.

Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.

Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини, бунда президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Музокаралар чоғида келгуси ишлар учун режалар белгилаб олингани, уларнинг натижалари икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш учун янги омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.