Москва шаҳар суди россиялик мухолифатчи Алексей Навалний, Коррупцияга қарши кураш фонди ва Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда сиёсатчининг ҳудудий штабини экстремистик деб топди, деб хабар бермоқда BBC рус хизмати.

Суд шунингдек, ФБК ва Алексей Навалний штаби фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қарор зудлик билан ижро этилиши тўғрисида қарор чиқарди. Сиёсатчи ташкилотларининг адвокатлари суд қарори устидан шикоят қилмоқчи.

Суд мажлиси 12 соатдан ортиқ давом этди, ишни кўриб чиқиш ёпиқ ҳолда ўтказилди, чунки ҳужжатнинг бир қисми «махфий» деб топилди.

«Коррупция давлат ҳокимиятининг асоси бўлганида, коррупцияга қарши курашувчилар — экстремистлардир», — деган баёнот ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган Алексей Навалнийнинг Instagram саҳифасида пайдо бўлди.

«Бизни нима деб аташади, нима фарқи бор? ФБКми, ФБК эмасми. Штаб, штаб эмасми. Биз ном эмасмиз, қоғоз ёки офис эмасмиз. Биз — коррупцияга қарши бўлган Россия фуқароларини адолатли судлар ва қонун олдида барчанинг тенглиги учун бирлаштирадиган ва уюштирадиган одамлар гуруҳимиз. <...> Ҳозир биз ҳамма нарсани тушунамиз. Ҳал қиламиз. Ўзгарамиз. Ривожланамиз. Мослашамиз. Аммо биз мақсад ва ғояларимиздан чекинмаймиз. Бу бизнинг мамлакат ва ундан бошқаси йўқ», — деди сиёсатчи ўз баёнотида.