Душанбе шаҳридаги «Қасри Миллат» қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Президентлар бир бирига расмий делегация аъзоларини таништирди. Фахрий қоровул тантанали марш билан давлат раҳбарлари олдидан ўтди.

«Сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигининг барча жиҳатларини кўриб чиқдилар, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашишди.

«Қабул қилган барча қарорларимиз амалга ошмоқда. Ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 млн доллар бўлган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 млн долларга етди. Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати қарийб 700 млн доллар бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўзбекистон — бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли қўшнимиз. Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий хавфсизлик борасида ўзаро мувофиқлашиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман», — дея таъкидлади Эмомали Раҳмон.

Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон мустақиллигининг бўлажак 30 йиллиги билан табриклади ва Эмомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.

Фото