Қорақалпоғистонда 3 нафар фуқаро тупроқ босиб қолиш оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда Қорақалпоғистон республикаси прокуратураси матбуот хизмати.

9 июнь куни соат 05:30 ларда фуқаро С. У. (1990 й. т.) вояга етмаганлар С. К. (2006 й. т.), С. М. (2007 й. т.) ва Д. М. (2004 й. т.)лар Қўнғирот тумани, «Суўенли» ОФЙ ҳудудининг чўл қумлик қисмида, ер остида бўлган сув қувурини қазишган.

Қазиш пайтида тупроқ ўпирилиб, босиб қолиши натижасида, фуқаро С. У., С. К. ва С. М. лар воқеа жойида вафот этди. Вояга етмаган Д. М. эса тупроқ остидан чиқариб олиниб, Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Қорақалпоқ сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу фуқароларнинг 3 нафари мактаб ўқувчилари бўлган. Улар шу куни тонгги соат 4:00—4:30 атрофида диаметри 300 мм бўлган чўян қувурни ноқонуний тарзда синдириб олиб кетмоқчи бўлганда, ёғингарчилик туфайли юмшаб қолган тупроқ остида қолишган. 3 киши воқеа жойида вафот этган бўлса, бир киши қочиб кетган ва кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланиб, шифохонага ётқизилган, дейилади хабарда.