Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иқтисодчи Юлий Юсуповнинг энергетика сектори ислоҳотларига оид фикрларини танқид остига олди.

Юлий Юсупов Facebook`даги саҳифасида энергетика секторида ислоҳотлар қачон бошланишига оид савол билан юзланиб, соҳада ўзгариш қилиш зарур бўлган таклифларни билдирган эди. Эркин энергия таъминоти бозорини яратиш, электр энергия импортини либералаштириш, электр станцияларини хусусийлаштириш, электр ва газ чакана савдосида рақобатни кучайтириш ва бошқалар шулар жумласидан.

Мазкур постга қуйи палата депутати Нодир Жумаев муносабат билдирди. Унинг фикрлари палата расмий сайтида «Таҳлилсиз танқид — чангга қурилган қаср кабидир!» сарлавҳаси остида эълон қилинган.


«Унинг (Юлий Юсуповнинг — таҳр.) фикрлари ва таклифларини ўқиб, киши таажжубга тушади. Гўёки, соҳада ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмаётгандек. Ёки бўлмаса, 4 йил олдинги энергия таъминоти билан боғлиқ ҳақиқий ҳолатни билмагандек», — дея таъкидлаган депутат.

Нодир Жумаев 2021 йил 12 февраль куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги президенти қарори лойиҳасига эътибор қаратган.

Мазкур ҳужжат билан қуйидаги вазифаларни ўзида акс эттирган Ўзбекистон энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланмоқда:

  • энергетика соҳасида давлат улушини камайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш ҳамда электр энергиясини якуний истеъмолчиларга етказиб бериш нархларининг асоссиз ошишининг олдини олиш;
  • энергетика соҳасида рақобатли бозорни шакллантиришни ташкиллаштириш;
  • электр энергияси тарифларини шакллантиришда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид нормаларни жорий этиш;
  • халқаро бизнес амалиётига мувофиқ, табиий ва суюлтирилган газ савдосини эркинлаштириш ва хизматлар сифатини яхшилаш.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат ҳозирча қабул қилинмаган.

«Умуман олганда, энергия ресурслари ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларнинг тизимли равишда ўз ечимини топаётганини барчамиз ўз ҳаётимизда кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз. Бундан 4−5 йил олдин мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида соатлаб, жадвал асосида электр энергиясидан узиб қўйилишига деярли барҳам берилди», — деди халқ вакили. Унинг қўшимча қилишича, истеъмол қилинган энергия учун тўловнинг замонавий ва шаффоф тизими йўлга қўйилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда аномал иссиқ об-ҳаво (3−7 июнь) кузатилиши билан бир вақтда ижтимоий тармоқларда электр узилишилари ҳақида хабарлар тез-тез тарқалиб турди. Умумий овқатланиш соҳасидаги айрим тадбиркорлар электр узилиши сабаб маҳсулотларнинг бузилиб қолаётганини ҳам маълум қилди. Энергетика вазирлиги эса электр тармоғидаги узилишлар 1−3 июнь кунлари кучли шамоллар, шунингдек, ҳароратнинг сезиларли даражада ошиши туфайли электр энергияси истеъмолининг кескин ошиши билан боғлиқлигини қайд этди.

«Жорий узилишлар эса, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг оқибатидир. Кўрилаётган чора-тадбирлар соҳада яқин вақтлар ичида ўзининг ижобий самараларини беради, албатта», — деди Нодир Жумаев.

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар борасида қуйи палата депутати Фарҳод Зайниев ҳам ўз фикрларини билдирган.


«Энергетикани ривожлантиришга доир жамоатчилик фикрини фуқароларнинг энергия таъминоти муаммоларининг ўткирлиги ва долзарблиги ҳақидаги тасаввурлари шакллантиради. Шу билан бирга, баъзи фуқаролар энергия танқислиги муаммоси ҳақида шунчалик „ташвишдалигидан“ ўзининг юзаки ҳукмларига асосланиб фикр юритишга ҳаракат қилишмоқда», — деди у.

«Электр енергиямиз тизими асосан ўтган асрда қурилган, амалда модернизация қилинмаган иссиқлик электр стансияларидан иборат еканлигини инобатга олсак, энергия тақчиллиги муаммоси узоқ вақт мавжуд бўлганлиги сир эмас, — дея маълум қилди депутат. — Бугунги кунга келиб иссиқлик электр стансияларининг ишлаб чиқариш қуввати ўрнатилганларнинг тахминан 60 фоизини ташки қилади. Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сони ортиши туфайли энергия истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда».

Депутат келтирган маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда йиллик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 68,5 млрд кВт.соатни, талаб эса 71 млрд кВт.соатни ташкил этади. Камомад қўшни давлатлардан импорт ҳисобига қопланади. У ўтган 3−4 йил мобайнида энергетика соҳасидаги вазият «сезиларли даражада яхшиланганини» қўшимча қилган.

«Агар 2018 йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш 62,8 млрд. кВт.соатни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб мавжуд тизимлар қувватини модернизация қилиш ва қувватини ошириш туфайли 68,5 млрд. кВт. соатга ортди», — дея таъкидлади Фарҳод Зайниев.

«Бир неча йил аввал, айниқса, ҳудудларда энг долзарб муаммолардан бири электр энергияси тақчиллиги ва етишмаслиги бўлгани барчамизни ёдимизда. Электр энергиясини бутун йил давомида, баъзан бир неча суткагача ўчиришар эди. Бунақа шароитда инвестицияларни жалб қилиш у ёқда турсин, тадбиркорликни ривожлантириш масаласи ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Ҳозир бундай муаммолар йўқ, мамлакатнинг энг чекка ҳудудлари ҳам электр энергияси таъминланмоқда», — деди депутат.

Шунга қарамасдан, у «баъзи муаммолар тезда ҳал қилинмаётгани ва бугунги кунда электр энергияси таъминотида кичик узилишлар мавжуд"лигини тан олган.

«Мен электр энергияси таъминоти сифати билан боғлиқ вазият динамикаси ва ҳукуматнинг энергетика секторида олиб бораётган ислоҳотларининг шаффофлиги мазкур соҳа барқарор яхшиланаётганидан далолат беради, деб ҳисоблайман», — дея якунлади Фарҳод Зайниев.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни парламентга қилган мурожаатида 2021 йилда Ўзбекистонда давлат ва хусусий электр станциялари ва истеъмолчилар иштирокида улгуржи электр энергияси бозорини шакллантириш, шунингдек, суюлтирилган газ олиб кириш бўйича табиий газ таъминоти ва божлар монополиясини бекор қилиш бошланишини маълум қилган эди.