Ҳукуматнинг 9 июндаги қарори билан «Гидрометеорология хизмати аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Мазкур кўкрак нишони билан гидрометеорология ва иқлимшунослик соҳасини ривожлантириш ишларига катта ҳисса қўшган, ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган фуқаролар тақдирланади.

Гидрометеорология хизмати маркази («Ўзгидромет») тизимидаги ташкилотлар ҳамда ҳудудий гидрометеорология бошқармалари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 апрелга қадар «Ўзгидромет»га тақдим этади (номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида соҳада амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома илова қилинади).

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ҳужжатларни ўрганиб, ҳар йили 20 апрелга қадар муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилади.

Кўкрак нишони ҳар йили 7 май — «Ўзгидромет» ташкил топган кун арафасида тантанали тарзда топширилади.

Тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ўтган йилнинг ноябрида Ўзгдиромет тизимнинг ислоҳ қилинмаётгани, дарҳол ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар мавжудлиги ҳақида ёзган эди. Хусусан, ўшанда ойликлар пастлиги сабабли олий маълумотли ва кўп йиллик тажрибага эга ходимларнинг бошқа соҳаларга ўтиб кетаётганини маълум қилинди.

Мазкур хабардан сўнг, президент зудлик билан мамлакатда гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган йиғилиш ўтказган эди. Унда соҳа ходимлари ойлиги оширилиб, устама тўлаш тизими жорий этилиши таъкидланган эди.

Мазкур воқеалардан 15 кун ўтиб, 2020 йилнинг 17 ноябрида президентнинг тизимни ислоҳ қилишга оид қарори қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда тизим ходимларига маош тўлашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти 2 баравар оширилган ҳолда қўлланилиши, қолаверса, ойлик устамалар тўлаб берилиши қайд этилганди.

Қарордан шунингдек, «Гидрометеорология хизмати аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилиши ҳам ўрин олганди. Бундан ташқари, ҳужжатда 30 мартга қадар «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган гидрометеоролог» унвонини таъсис этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган эди.