Ўзбекистонда янги ўқув йилидан ота-онаси йўқ қизлар ва боқувчиси йўқ аёлларнинг контракт пуллари тўлаб берилади. Бу «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга кўра, 2020−21 ўқув йилидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади. Эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони икки бараварга ошириш орқали икки мингтага етказилади.

2021−2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат ОТМларига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади.

Бунда, ўқиш учун тўлов пуллари:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қизлар учун ҳар йили маҳаллий буджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан;
  • молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг Кенгаши қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларининг буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, бир ой муддатда бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим, илмий ёки бошқа муассасаларига «Эл-юрт умиди» жамғармасининг стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улушини камида 20 фоизга кўпайтирилади.