«Ўзсувтаъминот» акционерлик жамияти Самарқанд ва Навоий вилоятларида сув таъминоти тизимидаги узилишларга изоҳ берди.

Аввалроқ ёғингарчиликлар йўқлиги ва Зарафшон дарёси ўзанида сув оқимининг камлиги сабабли ер ости сувларининг сатҳи (дебити) пастлашиб кетгани хабар қилинган эди. Натижада иншоотлардаги насос ускуналарининг мўтадил ишлашида ер ости суви захирасининг етишмаслиги сабабли Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Пастдарғом, Нуробод, Иштихон, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ ва Оқдарё туманлари аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотида узилишларни олиб келмоқда.

Корхона маълумотларига кўра, «Самарқанд сув таъминоти» сув иншоотлари томонидан етказиб бериладиган ичимлик суви чекланганлиги, ер ости сувлари захираларининг етишмаслиги, шунингдек, сув истеъмоли кўпайгани сабабли уни етказиб бериш вақтинча жадвал асосида амалга оширилади.

Самарқанд шаҳри аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун сув учинчи ва тўртинчи босқичдаги кўтарувчи насос орқали етказиб бериладиган ҳудудида, яъни А ва Б микрорайонларида, Сартепа, Буюк ипак йўли, Бухорий ва Амир Темур мавзеларида 8 июндан бошлаб ичимлик суви жадвалга мувофиқ, яъни эрталаб соат 6:00 дан 10:00 гача, шунингдек, кечқурун соат 18:00 дан 22:00 гача вақт оралиқларида етказиб берилади.

Навоий вилояти аҳолисига ичимлик суви Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги «Дамхўжа сув иншоти» МЧЖ сув иншооти орқали етказиб берилади.

«Айни пайтда ушбу иншоотларда босим пастлиги, ёғингарчиликнинг камлиги ва сув оқимининг пастлиги сабабли захирадаги сувнинг оқим даражаси пасайган. Натижада, Навбаҳор вилоятининг айрим ҳудудларида [Навоий вилояти] сув таъминоти тўлиқ тўхтатилди», дейилади хабарда.

«Ўзсувтаъминот» «Навоий сув таъминоти» МЧЖ Навбаҳор тумани бўлими иншоотларида босим ортгунга қадар Кухрон, Арабхона, Янгиобод, Околтин, Қизилой маҳаллаларига ичимлик суви жадвалга мувофиқ махсус ускуналар ёрдамида етказиб берилишини маълум қилди.

Маълумот учун телефонлар:

Самарқандда — 66−233−18−21, 66 237−09−03.

Навоийда — 79 562−71−37, 99 754−43−02.

Telegram-чат: @uzsuv_chat.

Февраль ойи охирида президент раислигида ўтган йиғилишда 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоиз кам бўлиши кутилаётгани айтилган эди. Шу боис, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 млрд кубметр сувни тежаш лозимлиги таъкидланди.