Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи арафасида 9 июнь куни Бохтар шаҳрида биринчи Ўзбекистон — Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, шунингдек, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, банклар, чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва 300 га яқин тадбиркорлар иштирок этган.

Унда Иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида 50 млн долларлик устав капиталига эга Ўзбекистон — Тожикистон инвестиция жамғармаси ташкил этилгани тилга олинди.


Форум давомида икки мамлакат ҳудудлари ва тегишли идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, инвестициявий ҳамкорликнинг имкониятлари, шунингдек, автомобиль саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини биргаликда рўёбга чиқариш юзасидан аниқ таклифларнинг тақдимотини ўтказди.

Форум якунлари бўйича Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, автомобиль, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари имзоланди. Имзоланган ҳужжатларнинг умумий суммаси 730 млн долларни ташкил этди.