Сурхондарё вилояти ҳокимлиги «қора металл» рангли иккита Skoda Kodiaq автомобилини харид қилди. Бу давлат харидлари портали маълумотларида келтирилган. Бунга Sof.uz нашри эътибор қаратди.

Иккила шартнома (1, 2) ҳам 7 июнь куни тузилган бўлиб, ҳар бир автомобилнинг нархи 347 млн сўмни ташкил этади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Захриддин Тураев «Газета.uz» саволларига жавоб берар экан, хизмат автомобиллари ҳоким Тўра Боболовнинг янги ўринбосари ва маслаҳатчиси учун харид қилинганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, автомобилларни харид қилиш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг давлат хизматчиларининг хизмат автомобиллари нархининг чекланган миқдори ва йиллик ҳаракатланиш лимитини назарда тутувчи 29 апрелдаги қарори талабларига риоя қилинган. Ҳокимлар ўринбосарлари учун автомобилнинг чекланган нархи 1500 БҲМни (367,5 млн сўм) ташкил этади, Skoda Kodiaq Ambition эса ушбу чекловдан 20,6 млн сўмга арзонроқ — 347 млн сўм.

Эслатиб ўтамиз, 1−2 июнь кунлари Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига таширфи чоғида ҳудуддаги инфратузилмани яхшилаш учун 1,9 трлн сўм ажратилишини маълум қилганди. Давлат раҳбари шунингдек, Сурхондарё учун алоҳида солиқ имтиёзлари жорий қилинишини таъкидлаганди.

Давлат идораларида расмий автомобиллар нархи бўйича чеклов қўйиш режалари ўтган йил охирида, қиммат автомобиллар сотиб олиш ҳолатлари билан боғлиқ бир қатор оммавий муҳокамалар сабаб эълон қилинган эди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов «давлат хизматчиларига қоидаларни қабул қилиш ва чекловларни қўллаш орқали «ҳалоллик вакцинаси»ни сингдиришдан бошқа илож йўқ», деб айтган эди.