Тошкент шаҳрида Spark автомобили устига демонтаж қилинаётган реклама баннери қулаган вазият бўйича суриштирув ўтказилмоқда, бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Ҳодиса 8 июнь куни соат 12:00 ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 2-даражали йўлда содир бўлган. «Реклама баннери автомобиль устига қулаб тушган, машина техник жиҳатдан зарар кўрган. Ҳайдовчи жароҳат олмаган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИББ ходимлари томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Текширув якунига кўра, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилади.

Аввалроқ, Тошкентда реклама баннерларининг бузилиши одамлар ҳаётига хавф туғдираётгани ҳақида хабар берилган эди. Spark автомобили ҳайдовчиси чақирувига кўра келган ЙПХ ходими вазиятни «баҳсли» деб атаб, автомобилни жарима майдончасига жойлаштирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент кўчаларидаги реклама баннерлари демонтаж қилиниши ушбу фаолиятнинг қонунийлиги тўғрисида саволлар туғдираётганига қарамай, икки ойдан бери давом этмоқда. Кўп ҳолларда иш фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларини бузган ҳолда амалга оширилмоқда.