Тошкент кўчаларидаги реклама баннерлари демонтаж қилиниши ушбу фаолиятнинг қонунийлиги тўғрисида саволлар туғдираётганига қарамай, икки ойдан бери давом этмоқда. Кўп ҳолларда иш фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларини бузган ҳолда амалга оширилмоқда.

8 июнь куни Тошкентнинг Чилонзор туманида, Ғафур Ғулом номидаги боғнинг ёнидан ўтиб кетаётган Spark автомашинасига демонтаж пайтида катта металл конструкция қулаб тушди. Автомобиль регистраторидан олинган фотосуратлар ва видеолар «Водители Ташкента — Drivers.uz» Telegram-каналида эълон қилинди.

Реклама баннери автомашинанинг ўнг олд қисмига жиддий зарар етказган, ҳайдовчи жароҳат олмаган. Видео-ёзув шуни кўрсатадики, кўчанинг демонтаж ишлари олиб борилаётган қисми ҳеч қандай тарзда белгиланмаган ва ҳеч нарса билан тўсиб қўйилмаган. Йўлда ҳайдовчиларга мато силкитиб тўқ сариқ рангли форма кийган киши турибди.

Kun.uz билан суҳбатда Spark ҳайдовчиси демонтажда ҳокимлик вакиллари иштирок этганини, улар зарарнинг 50 фоизини қоплаймиз, дея маълум қилишганини айтди. Ҳайдовчи ЙПХ ходимини чақирган. У эса вазиятни «баҳсли» деб атаб, машинани жарима майдонига олиб борган.

Пойтахтнинг бошқа жойларида ҳам реклама баннерларини демонтаж қилиш давом этмоқда. Шаҳар марказида — Мирзо Улуғбек туманидаги «Ўзбекистон овози» кўчасида — сешанба куни бузилган реклама конструкцияси кун бўйи пиёдалар ўтиш жойига ётқизиб қўйилди, бу эса пиёдалар ҳаётига хавф туғдирди.

Инсон хавфсизлигига бўлган муносабат ва ҳокимият ҳаракатларидаги номувофиқликнинг мисоллари:


Бу ернинг ўзида пиёдалар йўлакларини реконструкция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари ҳақида ҳеч қандай белги ёки ёзув йўқ. Пиёдалар йўлакчаси лента билан ўралган, аммо пиёдалар ўтиши учун жой йўқ, улар йўлга чиқишларига тўғри келмоқда. Пиёдалар йўлакчаси белгилари бузилиб, шунчаки ерга ташлаб юборилган.

Ташқи реклама эгалари бўлган тадбиркорлар — расмийларнинг баннерларни демонтаж қилиш бўйича ҳаракатларини ноқонуний деб ҳисоблашади, чунки бу суд қарорисиз амалга оширилаётгани ҳақида ёзган эдик. Улар президентдан ёрдам сўраб, ўзларига тегишли бўлган реклама объектларига мурожаатларини жойлаштиришган эди.

Июнь ойи бошида президентнинг Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакили март ойида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши пойтахтда ташқи реклама жойлаштиришни тартибга солиш тўғрисида қарор қабул қилганини айтган, аммо ҳужжатда реклама конструкцияларини демонтаж қилиш ҳақида сўз юритилмаган.

Пойтахт ҳокимлиги содир бўлаётган ҳодисалар тўғрисида ҳалигача расмий баёнот бермади.