Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири Остонов Сафар Остонович 72 ёшида вафот этди, деб Журналистлар ижодий уюшмаси «Газета.uz»га маълум қилди.

Уюшмада қўшимча қилинишича, журналист 8 июнь куни оламдан кўз юмган. У сўнгги вақтларда даволанаётган бўлган.

У 1999 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони билан тақдирланган. Шунингдек, у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳам ҳисобланади.

Сафар Остонов 1948 йилнинг 13 ноябрида Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Маълумоти олий, мутахассислиги журналист. 1972 йили Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган.

У Меҳнат фаолиятини 1971 йили Республика ёшлар газетасида мусаҳҳиҳ вазифасидан бошлаган. 1990−1996 йиллари «Спорт», «Ўзбекистон футболи» газеталарида бош муҳаррир, 1996−2002 йилларда Ўзбекистон президенти девони етакчи консультант, бош консультант вазифаларида ишлаган.

2002 йилдан «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарида бош муҳаррир лавозимида фаолият юритиб кетган.

У 2019 йилги парламент сайловларида 63-Каттақўрғон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқ демократик партияси депутати этиб сайланган. У Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан аъзоси бўлган.