Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили томонидан Қўнғирот туманидаги 27-сон манзил колониясига мониторинг ташрифи чоғида Нукус ғишт заводида ишлаб келаётган маҳбусларга 3 ой мобайнида иш ҳақи берилмагани аниқланди, дея хабар бермоқда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати «Газета.uz» га.

Хабарга кўра, мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, йўқлов, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитлари ўрганилди.

Аникланишича, муассасадаги шарт-шароитлар деярли қониқарли даражада, лекин, меҳнат қонунчилигига зид баъзи ҳолатлар мавжуд. Жумладан, муассасада жазо муддатини ўтаётган 100 дан ортиқ маҳкумлар Нукус туманидаги ғишт заводларидан бирида меҳнат қилиб келмоқда. Лекин, уларга жорий йилнинг март-май ойлари учун ханузгача иш ҳақлари берилмаган.

Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги вакили Зухра Реймованинг аралашуви билан маҳкумларнинг ойлик маошларини тўлаб берилишига эришилди. Шунингдек, Минтақавий вакил маҳкумлар билан суҳбат давомида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Омбудсманга мурожаат қилиш тартиби ва усуллари ҳақида маълумот берди, дейилади хабарда.