Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни маданият ва маърифат соҳаларига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ва «Ўзбекистон 24» телеканали хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, тақдимот давомида президент Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида қуриладиган кутубхона лойиҳаси билан танишган. Аввалроқ, «Газета.uz» Миллий боғ ҳудудида жойлашган «Наврўз» қабуллар уйи ўрнида 1,5 млн китоб фондига эга кутубхона қурилиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Фото: Видеодан лавҳа.

Лойиҳага кўра, Миллий боғ ҳудудида 3 қаватли кутубхона қурилиб, атрофида яшил ҳудуд барпо этилади. Қайд этилишича, бинонинг биринчи қаватида санъат ва ахборот технологиялари, иккинчи қаватда тарих, филология ва динга тааллуқли, учинчи қаватда ижтимоий фанларга оид адабиётлар жамланади.

Фото: Видеодан лавҳа.

«Ушбу кутубхона адабиёт, илм-фан ва санъатнинг турли йўналишларига оид босма ва электрон нашрлар, электрон ҳужжатлар, жами 1,5 миллиондан ортиқ китоблар фондини қамраб олади», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Фото: Видеодан лавҳа

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтказган тақдимотга кўра, ушбу кутубхона президент кутубхонаси мақомида эга бўлади.

Фото: Видеодан лавҳа

Давлат аҳбари кутубхонани қуришда шаҳарсозликнинг илғор тажрибаларини қўллаш, келувчиларга қулай шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмийнинг янги ҳайкалини ва унинг атрофида хиёбон барпо этиш режалаштирилган.

Фото: Президент ахборот хизмати

Президентнинг 2020 йил 2 декабрдаги қарорига мувофиқ, 2021 йилда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги нишонланади. Ушбу сана муносабати билан Тошкент шаҳрида санъаткор ҳайкалини ўрнатиш белгиланган.

Фото: Видеодан лавҳа

Тақдимотда шу борада Бадиий академия томонидан танлаб олинган ҳайкал эскизлари кўздан кечирилди. «Ҳайкаллар ўрнатиладиган хиёбонларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди», — дейилади давлат раҳбари ахборот хизмати берган хабарда.