Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10−11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлади. Давлат раҳбари матбуот хизмати ташриф чоғида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар тўғрисида маълум қилди.

Ташриф дастурида Душанбе шаҳрида икки томонлама тадбирлар — расмий кутиб олиш маросими, тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар, ижтимоий объектлар очилиши ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланишига бағишланган онлайн маросимлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

«Кўп қиррали шерикликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни белгилаш ҳамда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади. Президентлар халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашадилар», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари Тожикистон пойтахтида қўшма маданий тадбирларда иштирок этадилар, Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказиб, қатор саноат объектлари билан танишадилар.

Тадбирлар якунида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим соҳаларини қамраб олган 30 дан зиёд ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Бўлажак саммитга тайёргарлик доирасида икки мамлакат бош вазирлари раҳбарлик қилаётган Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши, илмий-амалий конференция, Ўзбекистон киноси кунлари ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди. Ташриф арафасида биринчи Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгашининг учрашуви ўтказилади.