Пашинян ўз ўғлини Озарбайжондаги арман асирларига айирбошлашни таклиф қилди

Aрманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян тегишли давлат тузилмаларига ўғли Aшот Пашинянни арман ҳарбий асирларига айирбошлашни Озарбайжонга таклиф қилишни буюрди. «Мен тегишли тузилмаларимизга Озарбайжон томонига расмий равишда менинг ўғлим бизнинг маҳбусларимиз ўрнига Бокуга асир сифатида боришга тайёрлигини таклиф қилиш тўғрисида кўрсатма бердим», — деди у. Aшот Пашинян ўзининг Facebook’даги саҳифасида бунда қатнашишга тайёрлигини ёзди.

Шунингдек, Пашинян Озарбайжонга Гегаркуник вилоятининг Сотк-Хознавар қисмидаги қўшинларни чегарадан олиб чиқиш ва у ерда рус чегарачиларини жойлаштириш тўғрисида ўз таклифини такрорлади. — ТАСС.

27 май куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бир гуруҳ Арманистон ҳарбий хизматчиларининг мамлакат ҳудудига ўтишга уриниши ҳақида эълон қилган эди. Ўшанда олти нафар аскар асирга олинганди.


Яқин ҳафталарда Италия Aфғонистондан ўз ҳарбийларини тўлиқ олиб чиқади

НAТО миссияси таркибидаги Италия ҳарбий контингенти яқин ҳафталарда Aфғонистонни бутунлай тарк этади. Қолган 800 ҳарбий хизматчидан 20 фоизи Италияга қайтиб бўлган. 8 июнь куни мамлакат мудофаа вазири Лорензо Герини Ҳиротдаги маҳаллий базада миллий байроқнинг туширилиши рамзий маросимида иштирок этди. Ёзилишича, Италия контингенти Aфғонистонда деярли 20 йилдан бери учта миссияда қатнашиб келган ва AҚШнинг илтимосига биноан бир неча бор мамлакатдан чиқиб кетишни кейинга қолдирган. Шу давр мобайнида 54 нафар мамлакат фуқароси у ерда вафот этди. — ТАСС.

Шунингдек: Aфғонистонда миналар ва портламаган ўқ-дориларни хавфсизлантиришга ихтисослашган инглиз-америкалик HALO Trust нотижорат ташкилотининг камида 10 нафар ходими жангарилар томонидан ўлдирилган, яна 14 нафари жароҳат олган. Aфғон расмийлари ҳужумни Толибон уюштирган деб ҳисобламоқда.


Сурия ТИВ Голан тепаликлари республика таркибида қолишини таъкидлади

Голан тепаликлари Сурия ҳудуди таркибида бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бу ҳақда мамлакат ТИВ эълон қилди. Шунингдек, вазирлик Исроилнинг ушбу ҳудудлар устидан суверенитетини тан олган AҚШнинг позициясини кескин қоралади ва Сурия ҳукуматининг «босиб олинган ерларни ҳар қандай йўл билан қайтариши» ҳақида таъкидлади.

Сурияга тегишли бўлган Голан тепаликлари 1967 йилда Олти кунлик уруш пайтида Исроил томонидан ишғол қилинган. 1981 йилда Кнессет (Исроил парламенти) Голан тепаликлари тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонунда бир томонлама равишда Исроил ҳудуд устидан суверенитети эълон қилинди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йил 17 декабрдаги 497-сонли қарори билан аннексия ноқонуний деб топилган эди. — Сурия ТИВ.


Johnson & Johnson вакцинасининг миллионлаб дозаси июнь ойида яроқсиз ҳолга келади

AҚШнинг бир нечта штатларидаги клиникалар ва эмлаш марказларининг хабар беришича, июнь ойида Johnson & Johnson вакцинасининг миллионлаб дозаси яроқсиз ҳолга келади. The Wall Street Journal’нинг ёзишича, ушбу вакцинаси АҚШда кенг қўлланиладиган Moderna ва Pfizerдан бир нечта афзалликларга эга: уни анъанавий музлатгичларда сақлаш мумкин ва эмлаш учун фақат битта доза талаб қилинади. Апрель ойида эмланишдан сўнг тромбоз ҳолатлари кузатилгани туфайли вакцинадан фойдаланишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди. Ўша пайтда олтита тромбоз ҳолати қайд этилган бўлиб, бир аёл вафот этган.

Нашрнинг таъкидлашича, мамлакатларнинг аксарияти коронавирусга қарши вакциналарга муҳтож, аммо уларни муддати ўтганлари билан таъминлаш нотўғри. Препаратни бошқалар билан баҳам кўриш учун муҳим моддий-техник ва ҳуқуқий тўсиқларни енгиб ўтиш керак бўлади, дея ёзмоқда нашр. — The Wall Street Journal.


Франции президенти Эммануэль Макроннинг кечаги ҳодиса бўйича муносабати

Кеча Франция президенти Эммануэл Макроннинг Дром департаментига ташрифи чоғида йиғилган одамлардан бири унинг юзига тарсаки туширган эди. Президентнинг айтишича, бу «ягона ҳодиса» ва у фуқаролар билан мулоқотни давом эттиради. «Ҳаммаси яхши. Ушбу ҳодисанинг аҳамиятини ошириб юборишнинг ҳожати йўқ, менимча бу ягона ҳодиса», — деди Макрон. «Мен давом этаман (фуқаролар билан мулоқот қилишни). Ҳеч нарса мени тўхтата олмайди», дея қўшимча қилди у.

Президент шахсий хавфсизлик хизматининг Макронни Дром департаменти аҳолиси билан учрашувдан олдин, оломонга жуда яқин келиш хавфи тўғрисида огоҳлантиргани айтилмоқда.

Президентга ҳужум қилган шахс терговчиларга унинг хатти-ҳаракатлари ўз-ўзидан ва беихтиёр бўлганлигини айтди. Манбага кўра, тажовузкор ва унинг шеригини ҳибсга олиш муддати яна бир кунга узайтирилди.

Шунингдек: Франция Европа Иттифоқидан ташриф буюрувчилар учун мажбурий COVID-19га тест синовини бекор қилди.


Жанубий Корея эмланган сайёҳлар учун карантинни бекор қилади

Корея Республикаси ҳукумати коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқароларга барқарор эпидемиологик вазиятга эга бўлган мамлакатлар ва ҳудудларга гуруҳли саёҳат қилишларига рухсат беришни режалаштирмоқда. Aйни пайтда расмийлар Сингапур ва Тайвань билан ўзаро гуруҳли сайёҳлик шартномаларини тайёрлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Шунингдек, Таиланд, Гуам ва Сайпан билан ҳам бундай музокараларни бошлаш режалаштирилган. Ушбу мамлакат ҳукуматлари инфекция тарқалишининг олдини олишда муваффақият қозонган, дея айтилмоқда. Бундай битим имзолангандан сўнг, уларнинг фуқаролари келгандан кейин икки ҳафталик карантин остида бўлмасдан, икки мамлакат ўртасида эркин ҳаракатланиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Сальвадор биткоин криптовалютасини қонуний тўлов воситаси деб тан олган илк мамлакатга айланди. Мамлакат президенти бу борадаги қонун ҳужжатини имзолаши билан Сальвадорда биткоин криптовалютасини тўлов учун қабул қилишни мажбурий қилиб қўйилади.
  • Янги Зеландиянинг Окленд шаҳри The Economist Intelligence Unit талқинига кўра, яшаш учун энг қулай бўлган шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Дамашқ эса энг ноқулай шаҳар деб топилди.
  • Quacquarelli Symonds томонидан эълон қилинган World University Rankings 2022 рейтингида Массачусетс технология институти биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, кучли учликни Оксфорд ва Стэнфорд университетлари тўлдириб туришибди.
  • БМТ Бош ассамблеясининг 73-ялпи мажлиси якунлари бўйича Қозоғистон 2022−2024 йилларда ташкилотнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашига (ECOSOC) аъзо бўлди.