7 июнь куни тахминан эрталаб соат 09:00 дан 10:20 ларга қадар «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айратом темир йўл бекати ҳудудида Чироқчи туман «Айратом» қишлоғи фуқаролари темир йўл устига йиғилганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси расмий муносабат билдирди.

Компаниянинг маълум қилишига кўра, қишлоқ аҳли туман ҳокими Хуррам Жўраевдан қишлоқда электр энергияси таъминоти қониқарсиз бўлганлиги учун ҳудудни электр энергияси билан таъминлаш, яъни қишлоққа келадиган электр энергиясини бошқа кучлироқ «трансформатор»га улашни сўраган. 7 июнь куни соат 9:00 ларда туман ҳокимининг қишлоққа ташрифи кутилган.

Туман ҳокими белгиланган вақтда «Айратом» қишлоғига электр энергияси масаласини ҳал қилиш учун келмаганлиги сабабли аҳоли темир йўл атрофига йиғилган, дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» хабарида.

«Тошкент — Қарши йўналиши бўйича ҳаракатланувчи «Афросиёб» тезюрар поезди график бўйича ушбу бекатдан соат 10:48 да ўтиб кетиши белгиланган.

Хабарга кўра, поезд келишидан тахминан 28 минут олдин Чироқчи туман ҳокими Хуррам Жўраев ўзи келиб темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳолисини «Айратом» қишлоғи Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетади ва уларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, тушунтириш ишлари олиб борилади.

«Афросиёб» тезюрар поезди график бўйича ушбу бекатдан соат 10:48 да ўтиб кетган. Поезд тўхтамаган ва ҳеч қандай зарар ёки талофат бўлмаган, дейилади компания баёнотида.

Чироқчи туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишига кўра, «аслида ҳолат умуман бошқача бўлган».

Таъкидланишича, аҳоли вакилларининг поезд йўли атрофида йиғилаётгани ҳақида Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураевга туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдураззоқ Кенгбоев телефон орқали хабар қилади. Бу вақтда туман ҳокими «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида «Оқ олтин» маҳалласига бораётган бўлган. Хабарни эшитгач, туман ҳокими тезда «Эскианҳор» маҳалласига бориб, аҳоли билан учрашишга қарор қилади.

Туман ҳокими воқеа жойига етиб бориб, маҳаллий аҳоли вакилларини поезд йўл ёқасидан четга ўтишлари ва мурожаатларига ечим топишга келганлигини айтиб, аҳоли вакиллари билан маҳалла гузарида суҳбатлашади, дейилади ҳокимлик матбуот хизмати баёнотида.

«Эскианҳор» маҳалласи, Ободон қишлоғи, Айритом темир йўл бекатида Эскианҳор, Айритом ва Пахталисой маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли вакиллари билан учрашган туман ҳокими Хуррам Жураев аҳолини қийнаётган электр энергияси тақчиллиги масаласидаги муаммоларга ечим излади. Маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан кўтарилган муаммога шу куннинг ўзида ечим белгиланди. Туман ҳокими Хуррам Жураев ташаббуси билан қўшни «Шўрбозор» маҳалласидан 110 Кв кучланишли янги ҳаво линияси тортилиши белгиланган бўлса, бундан ташқари Истиқлол подстанциясига қўшимча 4минг кВ лик трансформатор қўйилиши белгиланди", — дейилади хабарда.

Хабарга асосан, шу куннинг ўзида «Қашқадарё вилоят Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Анвар Музапов ҳам маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашиб, электр энергияси тақчиллигининг олдини олиш масаласида амалга оширилаётган ишлар бўйича аҳоли вакилларига батафсил маълумот берди.

«Халқ вакилларининг фикрларини тўғри қабул қилган туман ҳокими нафақат электр билан боғлиқ, балки бошқа ижтимоий муаммолар бўйича аҳоли томонидан қилинган мурожаатлар тинглаб, аҳоли билан гаплашиб чиқди. Энг муҳими, аҳоли томонидан кўтарилган барча муаммоларни туман ҳокими Хуррам Жураев ўз назоратига олди», — дея қўшимча қилади ҳокимлик матбуот хизмати.