Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига директор этиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекжонов тайинланди. Бу хақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур тайинлов кеча Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари ва театр жамоаси иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда расман эълон қилинган.

«Йиғилиш сўнггида куни кеча таваллуд кунини нишонлаган устоз санъаткорларимиз Ўзбекистон халқ артисти Наима Пўлатова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаровлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 16 апрель куни Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри собиқ директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 58 ёшида вафот этган эди.