Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналида ФВВ ходимлари томонидан икки нафар фуқаро қутқариб қолинди. Қутқарувчилардан бири сувда чўкиб ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда ФВВ ахборот хизмати.

Ҳодиса 8 июнь куни соат 15:16 ларда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ю.Ражабий МФЙдан оқиб ўтувчи Бўрижар каналида содир бўлган. Маълум қилинишича, тақиқланган жойда сувга тушган фуқаро чўкишни бошлаган. Ушбу ҳудудда назорат олиб бораётган Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг икки нафар ходими чўкаётган фуқарони кўриб, қутқарув ишларини амалга оширишган.

Қутқарув жараёнида ФВВ ходимлари А.Азимхўжаев ва И.Муродовлар фуқаро С.Қ.ни (аёл) қутқариб қолади. Шундан сўнг, аввал унинг ёнидаги фуқаро Ф.К. (эркак) кейинчалик С.Қ. такроран ўзини сувга ташлаган.

Қутқарувчиларнинг ҳаракатлари билан иккала фуқароларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Қутқарувчи А.Азимхўжаев хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди.