Кейинги йилларда Ўзбекистонда халқаро туризм изчил суръатларда ривожланиб бормоқда. 2020 йилда БМТ қошидаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти туризм ривожланиши суръати бўйича Ўзбекистон дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб турганини маълум қилди. Айрим манбааларда 2017 йилдан 2018 йилгача бўлган бир йиллик даврда Ўзбекистонга халқаро ташрифлар сони 2,8 млнтадан 6,4 млнтагача кўпайгани ҳолда 2,3 баробарга ўсгани эътироф этилган. Қайд этиш жоиз, Самарқандга келувчиларнинг аксарияти Қадимий Ипак йўлидаги ушбу қадимий ва файзли шаҳарда жойлашган тарихий ҳамда маданий ёдгорликларни томоша қилиш истагида бўлган сайёҳлардир.

Самарқанд сайёҳлар учун алоҳида жозибадорликка эгалигидан ташқари мамлакат пойтахти Тошкентни яна иккита тарихий шаҳарлар ҳисобланмиш Хива ва Бухоро билан боғловчи транспорт тугуни сифатида ҳам аҳамиятли. Шунингдек, келаси йилда ШҲТнинг навбатдаги саммитига айнан Самарқанд мезбонлик қилиши кутилмоқда ва шу сабали шаҳарга ташриф буюрувчилар сони янада кўпайиши аниқ.


1967 йилида қурилган Самарқанд аэропортининг эски биноси замонавий халқаро стандартларга жавоб беролмай қолган. Шаҳарга ташриф буюрувчилар сони тобора ортиб бораётган бир шароитда уларга муносиб хизмат кўрсатилишини таъминлаш учун 2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд халқаро аэропортини қайтадан планлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июл ойидаги ташрифидан сўнг ушбу лойиҳа кўлами янада кенгайтирилди. Самарқандда замонавий сайёҳлик марказини, жумладан, янги аэропортни, меҳмонхоналар, конференц-заллар, мавзули хиёбонлар ва бошқа кўнгилочар масканларни ўз ичига олган сайёҳлик марказини яратиш эҳтиёжи юзага келди.

Аэропорт реконструкцияси халқаро терминални модернизациялаш, яна бир замонавий терминални, янги учиш-қўниш йўлакчасини бунёд этиш ҳамда радиолокация тизимларини янгилашни ўз ичига олади. Лойиҳада, шунингдек самолётлар учун 24 та қўниш жойи ва 700 ўринли енгил автомобиллар тўхташ жойи қурилиши назарда тутилган. Бугунги кунга келиб умумий иш ҳажмининг 80 фоизи бажариб бўлинди. Эндиликда аэропортнинг ўтказувчанлик қобилиятини соатига 350 тадан 1000 тагача ошириш ҳисобига кутилаётган пассажирлар оқимини йилига 460 000 тадан 2 млнтагача, доимий тартибдаги рейслар сонини эса ҳафтасига 40 тадан 120 тагача етказиш имконияти таъминланади.

Enter Engineering зиммасидаги барча ишлар коронавирус билан боғлиқ пандемия шароитида амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жараёнда ходимлар ва ишчиларнинг хавфсизлиги ҳамда хотиржамлигини таъминлаш, вирус тарқалишига йўл қўймаслик асосий вазифалардан бирига айланди. Шу мақсадда барча ходимларнинг вирус хавфи ва ундан сақланиш воситаларидан хабардор бўлишлари учун бир нечта самарали чоралар қўлланилди.

Шахсий ҳимоя воситаларидан қатъий тарзда фойдаланиш, ходимларнинг тана ҳароратини доимий равишда ўлчаш, гигиеник ва дезинфекциялаш воситаларини оммавий тарзда қўллаш, хавф доирасидаги ходимларни каратин тартибида кузатувга олиш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш каби чоралар ўз самарасини берди. Жараён давомидаги айрим муқаррар секинлашиш ҳолатларига қарамасдан умумий иш графигидан четга чиқмаган ҳолда ишлашга эришилди ва ушбу лойиҳа жорий йил сентябрь ойида якунланиши кўзда тутилган.


Эндиликда Самарқандга ташриф буюрувчиларни Мирзо Улуғбекнинг 1444 йилда ёзилган «Зижжи жадиди Кўрагоний» асарига муқояса сифатида очиқ китоб кўринишида бунёд этилган терминал қарши олади. Ўз даврида бу китоб 1018 та юлдузнинг жойлашуви ҳақида маълумот берувчи энг мукаммал асар сифатида дунё фалакиётшунослиги илмининг энг муҳим ва илғор ҳужжати ҳисобланган. Терминалнинг том қисмида баъзи юлдузлар туркуми тасвири туширилган юлдузли осмон кўриниши акс эттирилади, айниқса тунги осмонда бу кўриниш жуда ажойиб ва улуғвор манзара касб этади.

Рустам Ҳайдаров — Enter Engineering бош директорининг саноат ва фуқаролик объектлари қурилиши бўйича ўринбосари.

Батафсил маълумотлар учун:

Telegram: t.me/enterengineeringpteltd
Instagram:www.instagram.com/enter_engineering_group
Facebook: www.facebook.com/EnterEngineering