Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги заводлардан бирида ёнғин содир бўлгани акс этган видео лавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ФВВ изоҳ берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат 7 июнь куни тахминан соат 15:52 да Навоий вилояти Кармана тумани, «Боғишамол» МФЙ ҳудудидаги «Zarafshon Golden Group» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида содир бўлган. Ҳодиса технологик жараённинг бузилиши натижасида юзага келган.

Ҳодиса оқибатида корхонанинг бир нафар ишчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Шунингдек, ёнғин жойида бўлган бир нафар ФВВ ходими куйиш тан жароҳати билан РШТЁИМ Навоий вилояти филиалига ётқизилган.

Ҳодиса юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юз берган ҳудудга етиб боргани ва қисқа муддат ичида ёнғин бартараф этилгани айтилмоқда.