Ҳукуматнинг 3 июндаги қарори билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди, дея хабар бермоқда Norma.uz.

Институт вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • маънавий-маърифий ишлар ҳолати, миллий ғоянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатадиган таҳдидлар тўғрисида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш;
  • мамлакатда ижтимоий ва маънавий муҳитни ўрганиш, баҳолаш ва яхшилаш бўйича илмий ва амалий таклифларни тайёрлаш;
  • маънавий-маърифий тарғибот ишларини амалга ошириш учун самарали ва натижа берувчи тарғибот технологиялари ҳамда усулларини ишлаб чиқиш;
  • бузғунчи ғоялар ва ахборот таҳдидларига қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, аҳоли ўртасида интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш;
  • одамлар тақдирига бефарқлик, маҳаллийчилик, қариндошлик, коррупция, оилавий қадриятларга бепарволик, ёшлар тарбиясидаги масъулиятсизликни йўқ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Институт барча ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг, шунингдек «Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасаси тузган шартномаларининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Муассаса давлат бюджети, хайрия маблағлари ва халқаро грантлар ҳисобидан молиялаштирилади.