Бир гуруҳ туркиялик тадбиркорлар Жаҳон банки (ICSID) ҳузуридаги Инвестиция бўйича низоларни ҳал қилиш халқаро марказига Ўзбекистонга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилишди, дея хабар бермоқда Spot.

Иш ҳужжатларида даъвогарлар Меҳмет Зеки Обуз, Севде Йилмаз, Хури Обуз ва Tasfiye Halinde Obuzlar Gida, Temizlik Maddeleri, Züccaciye ve Tekstil Sanayi Ticaret Limited Sirketi эканлиги кўрсатилган.

Низо мавзуси — озиқ-овқат ишлаб чиқарадиган компания. Марказ сайтида тафсилотлар йўқ. Ташкилот бош котиби ушбу баёнотни 4 июнь куни рўйхатдан ўтказган. Ҳозирда у кўриб чиқилмоқда.

2007 йилда «Халқ сўзи» (PDF) газетасида ёзилишича, Меҳмет Зеки Обуз Ўзбекистонда божхона тўловлари, ҚҚС ва акциз солиғини тўлашдан бўйин товлаш, бюджет маблағларини ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш ҳамда бошқа жиноятларда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Нашр Меҳмет Зеки Обузнинг Ўзбекистонга 1995 йилда келгани ҳақида хабар берган. Ўша йили у «Сундус» ҚК асосчиларидан бири, 1998 йилда эса унинг бош директори бўлди.

Аввалроқ, инвестициявий низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга Ўзбекистонга қарши саккиз маротаба мурожаат қилинган, шу жумладан Newmont, Metal-Tech, Turkuaz, «МТС», Spentex ва бошқалар ишлари мавжуд.