Президент 7 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Ҳужжат май охирида, Сенатнинг 15 ялпи мажлисида тасдиқланган эди. Ўшанда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев нега айнан ушбу сана танлаб олинганига изоҳ берганди.

«Тарихга назар ташласак, мазкур сананинг нишонланиши, 1935 йил 15 апрелда Вашингтонда 21 давлат раҳбарлари томонидан дунё тарихидаги биринчи бор Халқаро бадиий ва илмий муассасалар ва тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро шартноманинг имзоланиши билан боғлиқлигини кўрамиз. Ушбу шартнома унинг муаллифи шарафига «Рерих пакти» деб номланган. Ўша йили Нью-Йоркда «Рерих пакти»нинг расмий рамзи тинчлик байроғига бағишланган байрам бўлиб ўтган», — деган у.

Қолаверса, айни шу куни мамлакатда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган шахслар «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан такдирланиши белгиланмоқда.

Ҳужжат эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.