29 майдан бошлаб Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вакиллари, ички ишлар органлари, пойтахт Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ходимлари томонидан «Андижон музқаймоқ» сотувчиларига қарши рейдлар ўтказилмоқда.

Zo’r TV телеканали репортажида маълум қилинишича, рейдлар давомида 132 та контейнердаги 1 тоннадан зиёд музқаймоқ таркибида ичак таёқчалари ва олтинранг стафилококк аниқлангани сабабли истеъмолга яроқсиз деб топилди.

Тошкент Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вакили Феруза Хўжаеванинг аниқлик киритишича, музқаймоқ сотувчилари томонидан тақдим этилаётган ҳужжатлар Андижоннинг Жалақудуқ туманидаги музқаймоқ ишлаб чиқарувчисига берилган гигиена сертификати ва мувофиқлик сертификати нусхалари ҳисобланади.

«Бу сертификат ишлаб чиқарувчи учун, музқаймоқ сотишга рухсатнома эмас», — дейди у.

Zo’r TV телеканалининг қайд этишича, шу вақтга қадар «Андижон музқаймоқ» маҳсулотларидан касалланиш ҳолатлари кузатилмаган.

Музқаймоқ сотувчилардан бири ҳар бир сотилган музқаймоқдан 800 сўмга яқин даромад олаётганини айтди.

Аввалроқ, Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати «Андижон музқаймоқ» бренди рўйхатдан ўтганини эълон қилганди.