Самарқанд ва Самарқанд вилоятининг бошқа бир қатор туманлари аҳолиси сув таъминотидаги узилишларга дуч келишди. «Самарқанд сув таъминоти» корхонаси «бу йилги табиий қурғоқчилик» ҳақида хабар берди.

Самарқанд вилояти аҳолисининг тоза ичимлик суви таъминоти ер ости сув захиралари ҳисобидан «Самарқанд сув таъминоти» корхонасига қарашли сув иншоотлари томонидан амалга оширилади.

«Самарқанд сув таъминоти» маълумотларига кўра, ҳозирда ёғингарчиликларнинг йўқлиги ва Зарафшон дарёси ўзанида сув оқимининг камлиги сабабли ер ости сувларининг сатҳи (дебити) пастлашиб кетган.

Натижада иншоотлардаги насос ускуналарининг мўтадил ишлашида ер ости суви захирасининг етишмаслиги сабабли Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Пастдарғом, Нуробод, Иштихон, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ ва Оқдарё туманлари аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотида узилишларни олиб келмоқда.

«Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ маъмурияти марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларидан жорий йилнинг табиий қурғоқчилиги сабабли сув таъминотида кузатилаётган камчиликлар — сув етишмовчилиги учун ўзининг узрини билдиради ва мазкур муаммо тез орада ўз ечимини топади. Шу билан бирга корхона маъмурияти истеъмолчилардан ичимлик сувидан мақсадли фойдаланиш, уни беҳуда исрофгарчиликларига йўл қўймасликларини сўрайди", — дейилади хабарда.

Февраль ойи охирида президент йиғилишида 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоизга пастроқ бўлиши маълум қилинган эди. 1 октябргача сувни тежайдиган технологиялар учун полиетилен ва полипропилендан олинадиган бож бекор қилинди. 10 млрд кубометр сувни тежаш масъулияти бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, сув хўжалиги вазирлиги раҳбари ва ҳокимларга юклатилган эди.