5 июнь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашди, дея хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати.

Томонлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга бўлажак ташрифи давомида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқишнинг боришини муҳокама қилдилар. (Азия-плюс маълумотларига кўра 10−12 июнь кунлари).

Бундан ташқари маданият, санъат, фан арбоблари, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.

Икки давлатнинг Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Пенжикент ва бошқа йирик шаҳарлари ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.

«Ипак йўли» сайёҳлик брендини илгари суриш ва «зиёрат — туризм»ни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида автобус қатнови, 26 йиллик танаффусдан сўнг 2018 йил 15 майда қайта тикланган эди. Aммо 2020 йил 16 мартдан бошлаб коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан автомобиль алоқаларини чеклади ва 1 сентябрдан бошлаб чекловларни босқичма-босқич олиб ташлай бошлади.