Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари — «Миллий тикланиш» ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида UzAuto Motors масаласи борасида ўз фикрларини билдирди.

Депутат UzAuto Motors ҳақида гапирар экан, ЯИМдаги улуши 35 трлн сўмга тенглиги, уни ташкил этишга узоқ йиллар давомида халқ салмоқли сармоя киритилганини қайд этган.

Сўзи давомида у Ўзбекистон аҳолиси машина нархи қимматлигидан эмас, балки уни сотиб олишга қурби етмаётганидан жарб кўраётганини таъкидлаган.

«Халқ автомобиль сотиб олиш учун етарли пулга эга эмаслигидан жабр кўраяпти. Муаммо автомобиль нархи қимматлигида эмас, балки одамлар кам пул ишлаб топаётганида. Харидорлик қобилияти паст… Одамлар ҳалол ишлаб топган пулларига сифатли автомобиль сотиб олишга ҳақли. UzAuto Motors`нинг очиқдан-очиқ қиммат машина сотишлари тарафдоримасман. Ўзбекистонда рақобатбардош автомобилсозликка босқичма-босқич ўтилиши тарафдориман», — деди Алишер Қодиров.

Халқ вакили божхона божи бекор қилинса, Gentra сегмантида 14 минг долларлик автомобиль кириб келишини айтиб ўтган. «Gentra`ни 18 мингдан сотишаяптими? Тан оламан, жуда қиммат, мен буни қўллаб-қувватламайман. Сифатини [талабга жавоб бермаслигини] ҳам мен тан оламан, Volkaswagen Gentrа`дан яхшироқ», — деди у.

Бироқ, у сўзида давом этаркан, ҳозирги пайтда божхона очилиши тарафдори эмаслигини қўшимча қилган.

«Бу [божхона божи бекор қилиниши] бизни шундоқ ҳам кутиб турибди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилса, табиийки, божхона божини бошқариш бизга боғлиқ бўлмай қолади. Лекин, бизда ўнлаб йиллар мобайнида халқнинг триллионлаб сармоясини киритиб ташкил қилганимиз — маҳаллий ишлаб чиқарувчини трансформация қилиш имкони бор. Болта билан ҳалок қилиш ва ўз бозоримизни ташқи ишлаб чиқарувчиларга очиб бериш, бу осон. Япония ва Корея тажрибасини ўрганаяпмиз, улар 1980 йилларгача ташқи ишлаб чиқарувчилар учун тўлиқ ёпиқ мамлакат бўлган. Хаттоки, Америка ҳам ҳозиргача ўзларини қиммат ишлаб чиқарувчиларидан фойдаланади. Toyota анчайин арзон, лекин улар бунга йўл қўймаяпти-ку», — деди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари.

У ушбу мисолларни ўзини ҳимоя қилиш учун айтмаганини қайд этган. «Бизда бунинг ҳаммаси нотўғри ташкил этилган, бунга қўшиламан. Мени бу борада нотўғри танқид қилишади», — деди депутат.

Алишер Қодиров UzAuto Motors иқтисодиётни барбод қилиш йўли билан эмас, балки, қўллаб-қувватлаш орқали трансформация қилиниши кераклигини таъкидлаган.

«Одамлар талаб қилаётгандек бўлиши керак. Лекин, буни иқтисодни вайрон қилиш орқали эмас, балки унга кўмаклашиш йўли билан қилишимиз керак. Биз иқтисодиётни қураяпмиз. Биз ҳозир ЯИМнинг 35 трлн сўмлик қисмини сақлаб қолиш ёки қолмаслик масаласини муҳокама қилаяпмиз. Агар давлат ҳозир машинасозлик соҳасини қўллаб-қувватламаса, у барбод бўлади ва биз ЖСТга қўшиламиз. Бизда ўзимизни автомобилсозлик соҳамиз бўлмайди…», — деди у.

Унинг фикрича, «биз ҳозир қиммат ва сифатсиз автомобилни сотиб олиш орқали соҳани қўллаб-қувватлаяпмиз. Буни шунчаки, борича қабул қилиш керак».

Лойиҳа бошловчисининг «шундоқ ҳам ҳеч ким қўллаб-қувватлашни истамаяпти-ку» деган фикрига, партия раҳбари қуйидагича жавоб берди:

«Қачонлардир, одамларни давлат қуришга мажбурлашган, тушунаяпсизми. Баъзан одамлар давлат қуришни ҳам хоҳлашмаган. Ҳозир бўлса, ўша одамларнинг авлодлари шу давлатда бахтли ҳаёт кечирмоқда. Қайсидир маънода, балки биз ҳам ўзимизни одамларни — мен бунда иштирок этмаяпман, — автомобиль саноатини қўллаб-қувватлашга мажбур қилаяпмиз», — деди у.