5 июнь Бутунжаҳон атроф-муҳитни ҳимоя қилиш куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 2021−2030 йилларда БМТнинг Экотизимни тиклаш бўйича ўнйиллиги бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда БМТнинг Янгиликлар хизмати хабар берди.

«Жамиятимизнинг мавжудлиги шунга боғлиқ бўлса-да, биз экотизимларни бузмоқдамиз», — дея таъкидлади бош котиб. Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, сайёрамиз катта имкониятларга эга ва «биз унга етказилган зарарни қоплашимиз учун ҳали ҳам вақт бор».

Унинг таъкидлашича, Экотизимни тиклаш ўнйиллиги — глобал исиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолишини олдини олиш учун зарур бўлган сиёсий, илмий ва иқтисодий ресурсларни сафарбар этадиган глобал ҳаракат чораси.

БМТнинг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш дастурининг (ЮНЕП) ушбу ҳафтада эълон қилинган ҳисоботига кўра, фақат 2030 йилга келиб қуруқликдаги экотизимларни тиклаш харажатларининг йиллик қиймати 200 млрд долларга баҳоланмоқда. Бироқ, экотизимни тиклашга сарфланган ҳар бир доллар 30 долларгача иқтисодий фойда келтиради.

БМТ қайд этишича, фавқулодда тиклашни талаб қилувчи экотизимларга қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмонлар, ўтлоқлар ва саванналар, тоғлар, торф ерлар, чучук сув ҳавзалари, океанлар ва шаҳар экотизимлари киради.