Халқаро атом энергияси агентлигининг (ХАЭА) ядро инфратузилмасини комплексли кўриб чиқиш бўйича INIR (Integrated Nuclear Infrastructure Review) миссиясининг ҳисоблашича, Ўзбекистон мамлакатда биринчи атом электр станциясини (АЭС) қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишда сезиларли ютуқларга эришган, дея хабар берди агентлик.

ХАЭА маълумотларига кўра, INIR миссияси ҳукуматнинг таклифига биноан шу ҳафта давомида Ўзбекистонга 12 кунлик миссиясини якунлади.

Мутахассислар гуруҳи, шунингдек, Ўзбекистон ўз меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва назорат қилиш бўйича органларни бошқариш чораларини кўрганлигини тасдиқлади.

Миссиянинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ядровий-энергетика дастури кучли давлат кўмагига, шунингдек, шаффоф ишончлилик, хавфсизлик ҳамда тарқатмаслик мажбуриятига эга.

«Ҳукумат зарур ҳуқуқий ва институционал базани янада ривожлантиришга эътиборини қаратиши шарт», — деди миссия раҳбари, ХАЭА ядро инфратузилмасини ривожлантириш бўлимининг бошқарувчиси Милко Ковачев.

Хусусан, Ўзбекистон ҳали иштирокчи бўлмаган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга: Ядровий хавфсизлик тўғрисидаги конвенция, Ядро аварияси тўғрисида тезкор хабар бериш тўғрисидаги конвенция, Етказилган ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенцияси ва унга тегишли протоколга қўшилиши керак.

«INIR миссиясини қабул қилиш билан Ўзбекистон ўзининг очиқ инфратузилмаси ва ядро инфратузилмасига тайёрлигини профессионал баҳолашга қизиқишини намойиш этди», — деди «Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамахмудов.

Эслатиб ўтамиз, атом электр станциясининг қурилиши 2022 йилда бошланиши режалаштирилган, аммо лойиҳани молиялаштиришни мақсад қилган Россия билан атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома ҳали имзоланмаган.