Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳон спортида қатор аҳамиятли воқеалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

Ўзбекистонлик гимнастикачи Сабина Ташкенбаева Пезарода (Италия) бўлиб ўтган Жаҳон кубогида бадиий гимнастика бўйича Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига Ўзбекистон учун биринчи лицензияни қўлга киритди.

31 май куни Жанубий Америка футбол конфедерацияси (CONMEBOL) 2021 йилги Америка Кубоги Бразилияда бўлиб ўтишини маълум қилди. Америка Кубоги белгиланган муддатда — 11 июндан 10 июлгача бўлиб ўтади. Мусобақа ўйинлари ўтказиладиган стадионлар ҳақида кейинроқ маълумот берилади.

Аввалроқ, дастлаб турнирга Колумбия ва Аргентина мезбонлик қилиши керак эди, аммо Колумбиядан мамлакатдаги сиёсий вазият туфайли, Аргентинадан эса пандемия сабабли мусобақа мезбонлиги олиб қўйилди.

Шу куни Парижда бўлиб ўтаётган «Улкан Тож» мусобақасининг илк даврасида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин швейцариялик теннисчи Рожер Федерерга қарши кортга чиқди. 1 соат 35 дақиқа давом этган баҳсда ўзбекистонлик теннисчи 2:6, 4:6, 3:6 ҳисобларида имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди.

24−31 май кунлари БААда бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди. Ўзбекистон эркаклар жамоаси Осиё чемпионатида 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза олиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалашди.

Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Литвада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатидаги рақиблари маълум бўлди. Қуръага кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалнинг «B» гуруҳида Россия, Миср ва Гватемала терма жамоалари билан баҳс олиб боради.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресси жорий йилнинг 19 июнь куни бўлиб ўтади. Мазкур конгресс ўтказилиш жойи, кун тартибидан ўрин олган масалалар ва бошқа маълумотлар ҳақида кейинроқ ЎФА расмий веб-сайтида батафсил маълум қилинади.