Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳри аэропортида «Москва-Қарши-Москва» йўналиши бўйича парвознинг кечикиши ҳақида хабар ва видео лавҳалар тарқалди.

«Мана Ўзбекистонда аҳвол. Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри аэропортидамиз. 1,5 соат бўлди самолётга ўтирганимизга, кўча 60 даража иссиқ. Қамаб қўйишган чиқармаяпти. Қанча одамнинг мазаси қочди. Яна етмаганига акумлятори ўтириб қолди, дейди самолётни. Қачон биз ривожланамиз, қачон камимиз тўлади? Икки аёлни олиб кетишди, мазаси қочиб қолди. 60 даража ичкари…», — дейилади видеода.

«Нигоҳ» телеграм-каналининг хабар беришича, парвоз Россиянинг «Royal Flight» авиакомпанияси томонидан амалга оширилган. Йўловчилар бортга чиқарилгандан сўнг, самолёт двигателлари ишламай қолган. Бунга об-ҳаво шароити, яъни ҳаво ҳароратининг 44°дан юқори бўлиши сабаб бўлган.

Натижада, ушбу парвозни тунги вақтда амалга ошириш қарори қабул қилиниб, йўловчилар бортни тарк этишган. Йўловчиларнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабар келиб тушмаган.

«Самолёт 6 июнь куни соат 04:54 да Москвага учган (аслида жўнаш 5 июнь куни соат 15:30 га режалаштирилган эди)», — дейилади хабарда.

Транспорт вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 5 июнь куни Россиянинг «Royal Flight» авиакомпанияси Қарши халқаро аэропортидан ABG-2604 Қарши — Домодедово рейсини амалга ошириши лозим эди. Шу куни соат 13:32 да «Royal Flight»нинг Boeing-767−300 русумли самолёти Қарши халқаро аэропортига келиб қўнди. Аэропорт томонидан барча техник ва сервис хизматлари кўрсатилгач, соат 16:10 да барча йўловчилар самолётга чиқариб бўлинди.

Бироқ республикада кузатилаётган иссиқ туфайли самолётнинг асосий ва қўшимча двигателлари қўшилмай қолган. Самолёт компьютери параметрларини қайта териш ва бир неча бор двигателларни қўшишга қайта уринишлар ҳам иссиқнинг ҳаддан зиёд кучайиши оқибатида самара бермаган. Асосий ва қўшимча двигателларни ишга тушириш имкони бўлмагач, табиийки, самолётнинг кондиционер тизими ҳам ишламаган.

«Шу ўринда таъкидлаш лозимки, халқаро фуқаро авиацияси қоидаларига кўра, йўловчилар самолётга чиқарилиб, ҳаво кемаси эшиклари ёпилгач, йўловчилар хавфсизлиги бўйича барча қарорлар самолёт экипажи командири томонидан қабул қилинади. Экипаж командири йўловчиларни тушириш ҳақида қарор қабул қилгач, йўловчилар самолётдан зудлик билан туширилди. Қарши халқаро аэропорти томонидан йўловчилар учун аэровокзалда барча зарур шароитлар яратиб берилди», — дейилади хабарда.

Самолёт 6 июнь куни тонгги соат 04:54 да ҳеч қандай носозликларсиз белгиланган манзилга жўнаб кетган ва 329 нафар йўловчи Домодедово аэропортига соғ-саломат элтиб қўйилган.