Январь-апрель ойларида Ўзбекистонга цемент импорти 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баравар кўпайди, дея гувоҳлик бермоқда Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатга 50,5 миллион долларлик 1 млн тонна цемент олиб кирилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 515,1 минг тоннага кўпдир. Таққослаш учун: 2020 йилда 131 млн долларга 2,5 млн тонна цемент импорт қилинган.

Ушбу қурилиш материалининг катта қисми Қозоғистондан келтирилади — 498,3 минг тонна. Улардан кейин Қирғизистон — 278,5 минг тонна, Тожикистон — 234,7 минг тонна, Эрон — 10,8 минг тонна, Туркманистон — 8600 тонна бормоқда.

Ҳудудлар кесимида Тошкент — 496,6 минг тонна, Фарғона вилояти — 194,9 минг тонна, Андижон вилояти — 183,7 минг тонна, Наманган вилояти — 54,4 минг тонна, Сурхондарё вилояти — 43,8 минг тонна, Тошкент вилояти — 30 минг тонна цемент олиб кирган.

Цемент импортининг ўсиш сабаблари

Ҳукумат 1 апрелдан 1 декабргача муддатда цемент маҳсулотларини олиб кириш учун божхона божини бекор қилди. Бунгача бож ставкаси 30 фоизни ташкил этган эди.

Ушбу қарордан кўзланган мақсад — кенг кўламли ипотека дастури ва турар-жой биноларини қуриш шароитида қурилаётган уй-жойлар нархларини пасайтиришдан иборат.

Март бошида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов президентдан корхоналарга цемент ва металлни ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри сотиб олишга рухсат сўрагани ҳақида ёзган эдик. У ўз таклифини 2021 йилда қурилиш ишлари ҳажми икки баробарга ошиши, қурилиш материалларига бўлган талаб эса нархнинг ошишига олиб келиши билан асослаган. Шавкат Мирзиёев таклифни яхшилаб ўрганиб чиқиш ва шаффоф тизим яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Президентнинг 11 мартдаги ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган фармонига биноан 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш учун давлат ипотека дастури доирасида 26 614 квартирали жами 45 мингта уй қурилади ва аҳолига янги тартибдаги ипотека кредитлари ажратилади. Aйни мақсадларда Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига 8,1 трлн сўм ресурс жойлаштирилади.

Ҳужжатга кўра, ипотека кредитлари 20 йил муддатга, 6 ой имтиёзли даври билан ажратилади. Бошланғич бадал 15% бўлади. Тўловлар икки хил аннуитет ва дифференциал усулда тўланади.

Молия вазирлиги томонидан 6 500 та якка тартибда уй қуриш ва таъмирлаш учун 1,5 трлн сўм маблағ ажратилади. Яъни аҳоли якка тартибдаги ўз уй-жойларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредитлар олишлари мумкин бўлади.

2021 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3550 та квартирали уйлар қурилади. Бунга давлат бюджетидан 1,3 трлн сўм маблағ йўналтирилади.