S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги баҳосини «BB-» даражасида сақлаб қолди, лекин рейтинг прогнозини «салбий»дан «барқарор»га оширди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати компания ҳисоботига таяниб хабар берди.

Агентлик томонидан Ўзбекистонга суверен кредит рейтинг илк бор 2018 йил 21 декабрда берилган. Агентлик ҳар йили икки марта Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида республикадаги сўнгги иқтисодий янгиликлар билан танишади.

2020 йил июнь ойидан бери «S&P» рейтинг агентлиги томонидан 21 та мамлакатнинг кредит рейтинги пасайтирилган ва 13 та мамлакатнинг, жумладан Ўзбекистоннинг рейтинг прогнозини «салбий»га туширилган эди.

Мазкур қарор сўнгги икки йилда Ўзбекистон ташқи қарзининг нисбатан юқори суръатларда ўсганлиги билан изоҳланганди. Шу билан бирга, келгуси 12 ой давомида мамлакат ташқи қарзининг ўсиш суръати барқарорлашмаган тақдирда Ўзбекистон кредит рейтингини пасайтириши мумкинлиги маълум қилинган эди.

Жорий йилнинг 10−11 май кунлари ташкил этилган конференц-қўнғироқларда Молия вазирлиги, Марказий банк ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг мутасадди раҳбарлари томонидан республикадаги макроиқтисодий вазият ва амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида маълумот тақдим этилди.

Ушбу конференц-қўнғироқлардан сўнг S&P рейтинг агентлигининг кредит қўмитаси учрашуви бўлиб ўтган ва мазкур қўмита Ўзбекистоннинг рейтинг прогнозини қуйидаги сабабларга кўра, «салбий»дан «барқарор»га оширишга қарор қилган.

1. S&P`нинг қайд этишича 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсишга (1,6 фоиз) эришган дунёдаги камдан-кам мамлакатлардан бири бўлган.

Агентликка кўра, иқтисодий ўсишга асосий сабаб COVID-19 билан боғлиқ чекловларга қарамай қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларининг фаолият юритганлиги, йирик инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда Ҳукуматнинг иқтисодиётни рағбатлантириш учун кўрган тезкор чоралари бўлди.

2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,8 фоизга ўсиши прогноз қилинган бўлиб, хизматлар сектори асосий ўсиш драйвери бўлиши Агентлик томонидан тахмин қилинмоқда.

2. Ҳисоботга кўра, ташқи қарз ўсиш суръати секинлашган ҳамда қисқа муддатли фискал ва ташқи хатарлар пасайган.

Хусусан, «Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунда давлат ташқи қарзига йиллик лимит (5 млрд. доллар) ва давлат қарзининг энг юқори миқдорининг (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60%) белгиланганлиги, шунингдек давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаб олишга нисбатан янада «талабчан» қоидалар тадбиқ этилганлиги Агентлик томонидан ижобий баҳоланган.

Шунингдек, 2017 йилдан буён Ҳукумат ислоҳотлар ва иқтисодий модернизация бўйича ўз олдига қўйган мақсадларида сезиларли равишда илдамлагани Агентлик томонидан қайд этилган.

Агентлик мазкур ислоҳотлар иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда Ҳукуматнинг институционал салоҳиятини яхшилашига ишонч билдирмоқда.

3. S&P`нинг кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал позицияси 2020−2021 йилларда яхшиланган. Қайд этилишича, 2020 йил мобайнида олтин нархининг юқорилиги давлат тушумлари ва ташқи балансини қўллаб-қувватлаб, умумий фискал дефицитнинг кутилганидан камроқ бўлишига сабаб бўлди (2020 йил якунига умумий фискал дефицит 4,5 фоизни ташкил этди).

Натижада, бюджетни қўллаб-қуватлаш учун жалб қилинган маблағларнинг бир қисми тежалиб, Ҳукумат активлари миқдорининг ошишига эришилган. Бу, ўз навбатида, соф давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатининг барқарорлашишига ўз ҳиссасини қўшган.

Ҳисоботга кўра, COVID-19 билан боғлиқ хатарлар юқорилигича қолаётган бўлсада, жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши тезлашиши кутилмоқда.

4. Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг ташқи баланси 2020 йилни кутилганидан кўра, яхшироқ кўрсаткичлар билан якунлаган. Агентликка кўра, 2020 йил якунида давлат ва молиявий секторнинг ликвид активлари умумий ташқи қарз миқдоридан кўпроқ бўлган.

5. Ҳукумат томонидан сўнгги йиллардаги бир қатор ислоҳотлар, хусусан суд ҳокимияти мустақиллигини ошириш, сўз эркинлигига қўйилган таъқиқларни олиб ташлаш ва фуқаролар олдидаги ҳисобдорликнинг ошиши, коррупцияга қарши курашиш, иқтисодий маълумотлар очиқлигининг яхшиланиши, савдо ва валюта курси либерализацияси ҳамда давлат корхоналари ислоҳоти ва хусусийлаштириш режалари алоҳида эътироф этилган.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини яхшилаш Ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолаётганлиги таъкидланган.

Шу билан бирга, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини ошириш, пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш, ҳисобдорлик ва институтлар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш тизимининг ривожлантириш зарурати қайд этилган.

Агентлик ҳисоботида Ўзбекистон рейтингига ижобий ва салбий таъсир кўрсатувчи омиллар санаб ўтилган. Унга кўра Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида иқтисодиёт ўсиш салоҳиятининг ва фискал ҳамда ташқи захиралар даражасининг яхшиланиши мамлакат кредит рейтингини оширувчи омил бўлиши мумкин.

Мамлакат кредит рейтингини пасайтирувчи омиллар сифатида қуйидагилар қайд этилган:

  • — Агентлик кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралари тез суръатларда ёки сезиларли даражада камайса;
  • — тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг етарли эмаслиги натижасида қарз жалб қилиш ошса ва ташқи активлар камайса;
  • — иқтисодиётдаги долларлашув даражаси сезиларли даражада ошса;
  • — давлат корхоналари ҳолатининг заифлашуви натижасида давлат шартли мажбуриятлари амалга ошса (яъни Ҳукумат давлат корхоналарининг қарзини тўласа).