4 июнь куни Jizzakh Petroleum, «Газпромбанк», «ВЭБ.РФ» давлат ривожланиш корпорацияси ва Россия экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги (EXIAR) ўртасида янги газ-кимё мажмуасини молиялаштириш бўйича ўзаро англашув тўғрисида тўрт томонлама меморандум имзолади. МТО (метанолдан-олефинлар) технологиясига асосланган газ-кимё мажмуасини Бухоро вилоятида барпо этилишга қарор қилинди.

Меморандумнинг имзоланиши тахминий 800 млн АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа молиялаштириши ва молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни суғурталаш бўйича келажакдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Jizzakh Petroleum компанияси лойиҳанинг инвестори деб ҳисобланади. Қурилиш қиймати 2,8 млрд АҚШ долларига тенг газ-кимё мажмуаси маҳаллий хом ашё асосида ишлайди. Бу эса юқори қўшимча қийматга эга бўлган, экспортга йўналтирилган газ-кимёвий маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали табиий газни монетизация қилиш имконини беради.


«Жамоа томонидан қарийб 2 йил давомида олиб борилаётган МТО лойиҳаси ишлаб келаётган юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар занжирини яратишда катта эътибор қаратилаётган лойиҳалардан бири, замонавий Ўзбекистоннинг ёрқин намунасидир. Бу, ўз навбатида, келажакда қўшимча ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш, импорт ўрнини босиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш учун ижобий туртки беради. Лойиҳа келажакдаги газ-кимё кластерининг асосий қисмига айланади, унга махсус иқтисодий зона мақоми берилади ва бу Марказий Осиёда бундай биринчи тажриба бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, биз учун GPB, „ВЭБ.РФ“ ва EXIAR каби молия институтлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, чунки лойиҳа доирасида ускуналар, маҳсулотлар ва хизматларнинг катта қисмини Россиядан жалб қилиш режалаштирилган. Ушбу меморандумнинг имзоланиши лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир», — дейди Jizzakh Petroleum`нинг стратегик ривожланиш бўйича директори Нигора Ибадова.

Имзолаш маросими XXIV Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми маросими доирасида бўлиб ўтди. Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ўтган йиллар давомида бизнес вакиллари ўртасидаги мулоқот, шунингдек Россия, ривожланаётган бозорлар ва бутун дунё олдида турган асосий иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун етакчи глобал платформага айланди.

Қурилиш ишлари тугагандан сўнг янги олефин ишлаб чиқарувчи завод 1,5 млрд кубометр табиий газни қайта ишлаши ва дунё иқтисодиётининг кўплаб соҳаларида қўлланиладиган юқори сифатли полимерларни йилига 720 минг тонна миқдорида ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Реклама ҳуқуқлари асосида.