4 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан вилоят ҳудудидан 100 гектар ерни 135 минг долларга сотишга уринган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Айбланувчилар Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси» бош мутахассиси лавозимида ишлаган Ойбек Абдужалилов, «Универсал водий гипс» МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган Абдулҳамид Усвалиев, фуқаро Абдураҳмон Усвалиев ва Андижон вилояти ҳокимлиги Иқтисодий тарақиёти ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси ғазначиси лавозимида ишлаган Умиджон Солиевдан иборат.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчилар Ибайдулло Дадаходжаевдан Хўжаобод туман ҳокимияти мансабдор шахслари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил қилиш учун жами 100 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан жами 135 минг доллар талаб қилган.

Айбланувчилар 26 март куни мазкур пуллар ҳисобидан дастлаб 7 000 долларни олган. 29 март куни эса қолган 128 000 долларни Андижон шаҳридаги Uz-Dong Yang Company қўшма корхонаси олдида олаётганларида ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида ушланган. Умиджон Солиев Пушкин кўчасида жойлашган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг автотураргоҳида Ойбек Абдужалиловдан 70 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 25 моддаси орқали 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28 моддаси орқали 211-моддаси 3-қисми «а» бандида (жуда кўп миқдорда пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Ойбек Абдужалиловга 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой, Абдулҳамид Усвалиевга 10 йил 2 ой, Абдураҳмон Усвалиевга 10 йил 2 ой ҳамда Умиджон Солиевга 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни президент ер муносабатларини такомиллаштириш бўйича йиғилиш ўтказди. Унда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик ва бошқа ҳуқуқлар билан ер ажратиш амалиётларини тугатиш, ерга бўлган ҳуқуқ турларини қисқартириш, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилиниши ва бошқалар муҳокама қилинган.