Сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан 7−10° га юқори бўлган аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бу ҳодиса Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши билан боғлиқдир, дея маълум қилди Ўзгидромет.

Дам олиш кунларида иссиқ яна кучаяди, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +40…+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда +44…+46 даражагача исийди. Кечалари эса +22…+27 даража атрофида, республиканинг чўл ҳудудларида баъзи жойларда +30 гача бўлади.

Тошкентда шу йилгача июнь ойининг биринчи ҳафтасида ҳароратнинг мутлақ (абсолют) максимуми +37…+39 даражадан юқори бўлмагани қайд этилди.

Дам олиш кунлари республика бўйича шамол баъзи жойларда чангли бўрон билан 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Айрим тоғли ҳудудларда кечга томон конвектив булутлилик ривожланишида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.