Қашқадарёда унаштирилган йигит-қизни қўлга олиб, уларни қўйиб юбориш эвазига пул сўраган ИИБ ходимлари ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 8 апрель куни Косон туманидаги «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида фуқаро Ғ.А унаштирилган қизи О.Ҳ билан Cobalt русумли автомашинада ўзаро суҳбатлашиб ўтирганда, катта лейтенант И.Файзуллаев ҳамкасби катта лейтенант Ф.Астанов билан бирга Ғ.Ани автомашинасини асоссиз ва ҳеч қандай ҳужжатларсиз жарима майдонига жойлаштирган. ИИБ ходимлари О.Ҳни енгил табиатли аёл сифатида рўйхатга олишни билдирган. Қизни дастлаб туман тиббиёт бирлашмасидан тан жароҳати бор ёки йўқлиги ҳақида тиббий кўрикдан ўтказиб, сўнгра туман ИИБга олиб боришган.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан И.Файзуллаев ва Ф.Астановлар содир қилган мазкур салбий ҳолат аниқланган. Улардан фуқаролар Ғ.А. ва унинг унаштирилган қизи О.Ҳни нима сабаб туман ИИБга олиб келиб, ушлаб утирганлиги сўралганда, улар томонидан ҳеч қандай асослантирувчи хужжатлар тақдим этилмаган.

Ҳолат юзасидан маъсул ходимлар томонидан катта лейтенант И.Файзуллаев ва катта лейтенант Ф.Астановлардан тушунтириш хати олинган. Сўнгра улар томонидан ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштиришга ҳаракат қилиниб, билдирги ёзишиб рўйхатдан ўтказишга эришишган.

Ўтказилган хизмат текшируви давомида И.Файзуллаев ва Ф.Астановлар фуқаролар Ғ.А. ва О.Ҳларнинг мазкур маҳаллада яшашлиги, уларнинг шахси ва яшаш манзили аниқ бўлишига қарамасдан, 4 соат давомида ушлаб ўтирганлиги аниқланган. Йигит ва қизга нисбатан ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, фуқаро Ғ.Адан 4.900.000 сўм миқдорда пул олиб келишини талаб қилган ҳамда унинг ёнида бўлган Samsung русумли қўл телефони ва 200.000 сўм пулларини олиб, автомашинасини жарима майдончасидан чиқаришга рухсат берган.

Ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, катта лейтенант И.Файзуллаев ва катта лейтенант Ф.Астановлар ИИО сафидан бўшатилган. Уларнинг ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун тўпланган хужжатлар Косон туман прократурасига юборилган.