2 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Американинг Crow Holdings компанияси мутасаддилари билан учрашди, дея хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар ҳокими меҳмонларга шаҳар иқтисодиёти охирги 3 йилда икки баробар ўсганини айтди (Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил апрелидан буён шаҳар ҳокими бўлиб келмоқда). Унинг сўзларига кўра, ушбу даврда олиб борилган қурилишлар кўлами ўтган 70 йил ичида қилинган иш ҳажмига тенг (эълон қилинганидан бироз вақт ўтгач, ушбу гап олиб ташланди).

Шу билан бирга, ҳоким сўнгги 3 йилда Тошкентда 22 та ер усти ҳамда 4 та ер ости метро бекатлари қурилганини маълум қилди. Аслида эса 2 та ерости бекати (Юнусобод йўналишида — «Юнусобод» ва «Туркистон»), шунингдек 12 та ер усти бекатлари пайдо бўлди: 7 таси метро ҳалқа йўлининг биринчи босқичида, 5 таси Чилонзор йўлининг Сергели қисмида.

«Хизмат кўрсатиш йўналишида таълим, тиббиёт, спорт ва гастрономик туризмни ривожлантириш, шаҳар сайёҳлар учун ниҳоятда қулай ва жозибадор бўлиши йўлида иш олиб борилаётганлигини ҳам билдирди», — дейилади хабарда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, аслида Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2018 йилда 64,5 трлн сўмни ташкил этган (ўсиш — 11,1%), 2019 йилда 86,1 трлн сўм (8,4%), 2020 йилда эса 97,5 трлн сўм (1,8%). Уч йил давомида ЯҲМ ўсиш суръати 22,6% ни ташкил этди (111,9*108,8*101,5/10000 — Давлат статистика қўмитаси формуласи).

Ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) — бу ҳудуд (вилоят) ривожланишининг умумлаштирилган кўрсаткичидир. ЯҲМ — бу иқтисодий мазмуни бўйича ЯИМ билан бир хил кўрсаткичдир, яъни у маълум бир вилоятнинг резидентлари бўлган иқтисодий бирликлар томонидан ишлаб чиқарилган якуний маҳсулот ва хизматларнинг нархини акс эттиради.

Бундан ташқари, Spot маълумотларига кўра, Тошкентдаги энг кўп қурилиш ташкилотлари жойлашган — 8339 та. Иккинчи ўринда Фарғона вилояти (3385), учинчи ўринда эса Қашқадарё вилояти (3385).