2021 йил 4 ой давомида 12 806 та оилавий ажрашиш бўлган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йил пандемия сабаб суд тизими фаолияти чекланганлиги боис ажрашиш учун аризалар тўпланиб қолган ва натижада жорий йил аввалида ажримлар сони кескин ошган. Таҳлилларга кўра, 2021 йил 4 ой давомида 12 806 та оилавий ажрашиш кузатилган. Бу ўтган даврга нисбатан 4897 та кўп.

Ҳозирги кунгача 30 ёшгача бўлганлар орасида оилавий ажрашиш 3674 тани ташкил этади.

Ўрганишларга кўра, оилавий ажримларга асосан:

  • эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик сабаблари — 48,4% ни;
  • учинчи шахс, қайнона-қайнота ёки қариндошлар аралашуви сабаб содир бўлган ажримлар — 17,4%;
  • ёшларнинг оила қуришга тайёрмаслиги туфайли — 11 фоиздан ошиқроқ;
  • моддий етишмовчилик, турмуш ўртоғининг ишсизлиги ва бошқа иқтисодий қийинчиликлар туфайли — 6,3%;
  • бепуштлик — 5,3%;
  • томонлардан биринг ичкилик, гиёҳванд модда ёки бошқа зарарли одатларги берилиши сабаб — 5,5%;
  • ички ва ташқи миграция сабаб ажралишлар — 3,5% ни ташкил этади.