Қорабоғда мина портлаши натижасида уч киши ҳалок бўлди

Озарбайжоннинг Кельбажар вилоятида мина портлаши натижасида уч киши — AzTV телеканали оператори, АзерТАдж ахборот агентлиги ходими ҳамда Сусузлуғ қишлоғи фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошлиғи ўринбосари ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги маълум қилди. «4 июнь куни Кельбажар вилоятига юборилган ОАВ ходимлари бўлган Камаз автоулови Сусузлуғ қишлоғида танкка қарши минага учраб, портлади. Натижада уч киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди», — дея хабар берилмоқда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўшма баёнотида. Ҳодиса юзасидан Озарбайжон ҳарбий прокуратураси жиноий иш қўзғатди, тергов ишлари олиб борилмоқда. — Озарбайжон ИИВ.


Жанубий Корея ҳарбий ҳаво кучлари бошлиғи аскар ўз жонига қасд қилгани сабабли истеъфога чиқди

Корея Республикаси ҳарбий ҳаво кучлари штаби бошлиғи генерал Ли Сон Ён аёл сержантнинг ўз жонига қасд қилиши муносабати билан истеъфога чиқишини эълон қилди. Таъкидланишича, сержант иш жойида жинсий зўравонликка учраган бўлиб, уч ой ўтгач ўз жонига қасд қилган. «Мен содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ҳис қиляпман ва шу муносабат билан истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилдим», — деди Ли Сунг Ён. У омма олдида кечирим сўраб, марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдирди.

Шунингдек, ҳарбий полиция ва прокуратуранинг тегишли чораларни кўрмагани, бундан ташқари, ҳарбий ҳаво кучлари штабининг Миллий Мудофаа вазирлигига барча маълумотларни бермасдан, ишни яширишга ҳаракат қилгани маълум бўлди. — ТАСС.


Қирғизистон Тожикистонни илгари эришилган чегара келишувларини бузишда айблади. Тожикистон айбловларни рад этди

«Тожикистон томони илгари эришилган келишувларни бузган ҳолда қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазиятни кескинлаштирди, бу яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларга мос келмайди», — дейилади расмий баёнотда. Маълум қилинишича, Тожикистон ҳарбий хизматчилари 4 июнга ўтар кечаси делимитация ва демаркация жараёни тугагунига қадар қирғиз-тожик чегарасининг таърифланмаган участкаларида бирон бир иш олиб боришни тақиқлаш тўғрисидаги келишувга қарамай «Қирғизистон Республикаси ҳудудига 1000 м ичкарига кириб, Ўш вилояти Чон-Олай туманининг Унжу-Булоқ давлат чегарасининг таърифланмаган қисмида контейнер ўрнатган». Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари «мавжуд вазиятни ҳал қилиш учун» бу жойга етиб келди.

«Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги келишувга мувофиқ алоҳида чегара пунктлари таърифланди. Шу муносабат билан чегара хизмати ҳозирда Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг келишилган ўтиш чизиғи бўйлаб қўриқламоқда. Яъни, протокол келишувига кўра, чегара қўриқлаш хизмати келишилган ҳудудда амалга оширилди», — дея Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази айбловга жавобан хабар берди.

Ушбу баёнотдан сўнг, Қирғизистон Унжу-Булоқ участкаси таърифланмаган, дея маълум қилди. Ҳозирда Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарада қўриқлашни кучайтиргани айтилмоқда.


Facebook сиёсатчиларга қилинган истисноларни бекор қилади

Facebook компанияси ижтимоий тармоқларда пост жойлаш пайтида сиёсатчиларни уларга берилган имтиёзлардан маҳрум қилишни режалаштирмоқда. Компания раҳбарияти AҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг ижтимоий тармоққа кириш ҳуқуқини чеклаб қўйгандан сўнг, хабарларни модерация қилишга ёндашувни ўзгартирмоқчи. Шунингдек, компания раҳбариятидан хабарларни модерация қилишда сиёсатчилар ва бошқа нуфузли фойдаланувчилар ўртасида аниқ чегарани белгиламаслик сўралган. Таъкидланишича, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқ маъмурияти сиёсатчиларнинг нашрлари ҳақида гап кетганда аралашмаслик принципига амал қилган. Facebook раҳбари Марк Цукерберг ўтган йили баъзи ҳолларда ижтимоий тармоқ маъмурияти қоидаларни бузган постларга қарши ҳеч қандай чоралар кўрмаганлигини тан олди. — The Verge.


АҚШда 59 та Хитой компанияси қора рўйхатга киритилди

AҚШ президенти Жо Байден мамлакат хавфсизлигига «путур етказаётган» олтмишга яқин Хитой компанияларига сармоя киритишни тақиқловчи фармонни имзолади. Тақиқ 2021 йил 2 августдан бошлаб кучга киради. Қора рўйхатга киритилган компаниялар орасида дунёдаги энг йирик телекоммуникацион компанияларидан бири бўлган Huawei, микроэлектроника ишлаб чиқарувчиси SMIC, самолёт ишлаб чиқарувчиси AVIC ҳам бор. Қайд этилишича, ушбу фармон «Aмерикалик ҳар қандай шахсга биржада сотиладиган ҳар қандай қимматли қоғозларни сотиш ёки сотиб олишда иштирок этишни тақиқлайди». — Оқ уй матбуот хизмати.

Шунингдек: 6 январда Вашингтондаги тартибсизликлар пайтида AҚШ Капитолийга камида 1,5 млн доллар миқдорида зарар етказилгани маълум қилинги.


Шунингдек:

  • Май ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сўнгги ўн йил ичида энг юқори даражага бўлди. Шу билан бирга, дунё бўйлаб маҳсулотлар нархлари 12 ой кетма-кет ўсиб бормоқда, дея маълум қилди ФАО.
  • Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Иссиқкўл вилоятига сафари чоғида маст ҳайдовчи бошқарган автомобиль унинг кортежига урилиб кетди.
  • БМТ дунё бўйлаб тез тарқалаётган коронавирус пандемияси ҳақидаги «афсоналарга» қарши курашади.