Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев йўлларда содир бўлаётган ЙТҲларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар сифатининг пастлиги ва хавфсизлик жиҳатидан жиҳозланмаганлиги ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлади. Бу ҳақда депутат Mahalla телеканалининг Minbar кўрсатувида гапирган.

Расул Кушербаев ЙТҲларда UzAutoMotors машиналарининг қаттиқ зарар кўришини танқид қилиб, машиналарнинг аварияларга сифат даражаси мосланмаганлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

«Кузатяпмиз, пачоқ бўлиб кетган автомобиль. Бу автомобилни шу йўл ҳаракати ҳодисасига сифат даражаси қанчалик мослаб чиқилган деган савол бор. Илгари ишлаб чиқилган 06 машина билан Nexia`нинг тўқнашувида, эътибор берсак Nexia жуда ҳам пачоқланиб кетган. Яъни бу ишлаб чиқарувчилар бизнинг монополистларимиз UzAutoMotors машиналари ҳаммаси бундай қарасак», — дейди депутат.

Расул Кушербаев автомобилларни ишлаб чиқаришда пластмассадан фойдаланиши ҳақида тўхталиб ўтди.

«Илгари одамларни темир ўлдирган бўлса, ҳозир пластмасса ўлдиряпти. Нима фарқи бор? Автомобилларингиз агар шунчалик яхши чиқаётган бўлса, нимага ҳалигача ўлим хавфи кўпайиб бормоқда? Сиз машиналарингизни ўша чет эл машиналари билан солиштиринг. Сиз (UzAutoMotors) фақат бизники яхши, яхши деб айтасиз», — деди у.

Депутат арзон нархларда сотилаётган машиналарда хавфсизлик ёстиқчалари йўқлиги ҳақида сўз юритди.

«Автомобиль йўлларини тушуниш учун Автомобиль йўллари институтини битириш шарт эмас. Ҳайдовчи сифатида ўтириб ҳам биласиз. Автомобилни хавфсизлик жиҳати қанчалик талабга жавоб беради ёқи йўқ. Келинг бир хил ҳаммага ёндашайлик. Нимага арзон автомобилларда хавфсизлик ёстиқчалари чиқмайди? Damas`ларда, бошқаларда? Фақат қимматига чиқарасизлар. Гўёки арзонини одам ҳайдамайди-да. Қимматида одам юради. Арзон машина олган одамнинг қадри йўқми? Нимага бир хил ёндашмайсизлар? Ҳеч ким 100 фоиз жавоб беради дегани йўқ бу ерда. Мен солиштириб кўринглар дедим. Қалинроқ қилсин бўлмаса. Сифати жавоб берадиган қилсин. Сал битта қаттиқроқ урилган Damas`лар ағдарилиб кетмасин. Шу гапни айтса сиз қабул қилмаяпмиз», — дея таъкидлади у.

«Автоустоз» ўқув ишлаб чиқариш комбинати мутахассиси Орифжон Назаров ишлаб чиқарилаётган машиналарни пластмассадан ишлаб чиқарилиши хавфсизлик тизими учун эканлигини таъкидлади.

«Ҳозирги автомобилларимизга кўпроқ пластмассани ишлатишимиз сабаби бу авваламбор хавфсизлик тизими учун, яъни у синиб кетса ҳам инсонга камроқ тан жароҳати олиниши мақсадида қилинган. Бутун дунёда юқори тезлик бўладиган бўлса, менман деган автомобиль ҳам сақлаб қола олмайди. Биз изланаяпмиз, лекин бу умуман сифатсиз дегани эмас. Сиз ҳайдовчиларни маданиятини тўғирлашингиз керак», — деди у.

Орифжон Назаров арзон машиналарда хавфсизлик ёстиқчалари йўқ эканлиги ҳақида тўхталиб, ҳайдовчилар «текин камар» ни ҳам тақмасликларини таъкидлади.

«Текин хавфсизлик камарини тақмайди-ку ҳайдовчилар? Мен компанияни ҳимоя қилмаяпман, мен ҳайдовчининг ҳам масъулиятини оширишни айтаяпман», — деб айтди у.

Бунга жавобан, Расул Кушербаев «Сиз монополист, лоббистсиз. Фуқаролар ёнини оладиган эмас. Қачон фуқароларни ёнини олишни бошлайсиз?», — дея қўшимча қилди.